Ўзбекистонда энергия таъминоти корхоналарини электр энергияси таъминотидаги узилишлар учун жаримага тортиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 29 июнь куни молия, юридик, консалтинг, IT ва алоқа соҳасидаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда сўз юритилди.

IT-компания вакили Абдуқаҳҳор Тошмуҳамедов электр энергияси тез-тез ўчиб қолаётганидан шикоят қилди.

«IT электр борлигида бошланади, тугаганда тугайди. Бу ерда электр тармоқлари корхоналари билан келишувларни жарима томонга ўтказилсами… Сабаби ёз бошланганидан бери кунига 3−4 соатга ток ўчади. Тижорий нархларга ўтилди, лекин ҳалигача уларнинг жавобгарлиги бўлмади. Ҳар куни бир вақтда ток ўчади, буни ҳам тартибга солиб берилса, яхши бўларди», — деди у.

Тадбиркор хорижлик ҳамкорлар олдида жавобгарлиги борлигини, тижорат мажбуриятларини бузганликлари учун жарима тўлашлари кераклигини эслатиб ўтди.

Бизнес-омбудсман Дилмурод Қосимов электр таъминотидаги узилишлар билан боғлиқ муаммо ростдан мавжудлигини таъкидлаб, бу иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари, жумладан, ишлаб чиқаришга ҳам таъсир кўрсатаётганини айтди.

«Бу бўйича таклиф ишлаб чиқяпмиз, ҳақиқатан „электросет“ огоҳлантирмасдан ўчирса, жавобгарлик масаласи [борасида]. Лекин ҳар куни ўчиряпти, баъзи ҳолатларда носозликлар бўлиши мумкин. Ҳеч ким кафолат бермайди. Лекин огоҳлантирмасдан ўчирса ёки бошқа ҳолатларда уларнинг жавобгарлик масаласи бўлиши керак. Чунки сизлар тадбиркорсизлар, соҳангиз тўхтаб қолиши мумкин. Жавобгарлик масаласи бўйича таклиф ишлаб чиқяпмиз», — деди у.

2020 йилнинг июль ойида депутат Мақсуда Ворисова (2021 йилги сайловда ХДПдан президентликка номзод) давлат хизматларини кўрсатиш бўйича шартномаларни тўлиқ қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлаганди. «Тўловни кечиктиргани учун истеъмолчи жарима тўлайди ёки тармоқдан узилади. Аммо электр энергиясини етказиб бериш огоҳлантиришсиз тўхтатилса, етказиб берувчига нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмайди», — деганди депутат.

2022 йилнинг ноябрь ойида Халқ демократик партияси электр таъминотидаги узулишлар учун жарима қўлланиши ёки етказилган зарар қоплаб берилиши кераклигини қайд этганди. Ўшанда партия аҳолини электр энергияси, газ ва кўмир билан таъминлаш тизимларини қайта кўриб чиқиш вақти келди, деб ҳисоблашини маълум қилган.

2024 йилнинг феврал ойида электр энергияси етказиб бериш бўйича намунавий шартномага ўзгартиришлар киритилиши режалаштирилганди. Улар аҳоли ва тадбиркорларга электр энергияси таъминотидаги узилишлар оқибатида кўрган зарари учун суд орқали компенсация ундириш имконини бериши керак эди.