Ижтимоий тармоқларда Жиззах шаҳридаги «Наврўз» боғида 30 июнь куни 5000 та шар учирилиши ҳақида эълон тарқалди. Видеода бепул музқаймоқлар ва 10 мингта совғалар ҳам тарқатилиши айтилган.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг маълум қилишича, Миллий гвардия билан тузилган ишчи гуруҳ ҳолат бўйича воқеа жойида бўлди. Ўрганиш давомида шарлар ёрилиб, яроқсиз ҳолатга келтирилди.

Вазирлик пластик ўйинчоқлар ва шарларни учириш, табиатни ифлослантиришга, чиқиндилар билан тўлдиришга сабаб бўладиган бундай тадбирларни қоралади. Бу каби ҳолатлар тақиқлангани ва жавобгарликка сабаб бўлишини эслатиб ўтди.

«Аммо, минг афсуски, экология ва аҳоли саломатлиги ҳақида умуман қайғурмайдиган айрим тадбиркорлар, ижтимоий тармоқ фаоллари томонидан шар учириш каби тадбирлар ўтказилиши учраб турибди», — дейилади хабарда.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Экология вазирлиги шарларни Ўзбекистонга олиб кириш учун божхона тўловларини 10 бараварга оширишни таклиф қилмоқда. Шар учириш каби тадбирларни ўтказмоқчи бўлганларга утилизация талабини қўйиш ва бунда шарларнинг нархига нисбатан 100 баравар миқдорда нарх белгилаш таклифи илгари сурилган.

Аввалроқ Тошкент шаҳри Экология бошқармаси 10 апрель куни «Ашхобод» сайилгоҳидаги чархпалакдан 20 мингта шар ёғдирилиши ҳақидаги хабарга муносабат билдириб, шарлар 5 метр баландликдаги балкалардан туширилишини билдирганди. Ташкилотчилар экологияга зарар етказмаслик тўғрисида огоҳлантирилди, деб билдирган бошқарма.

Маълумот учун, ҳукуматнинг 28 июндаги қарори билан оммавий тадбирларда фуқароларга реклама, акция кўринишида озиқ-овқат ва буюмларни бепул тарқатиш тақиқланди. Қолаверса, ҳаддан ташқари арзонлаштирилган нархда сотиш орқали жалб қилиш ҳам мумкин эмас. Янги қарор бўйича назоратни Миллий гвардия ва ИИВ амалга оширади.