Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ўғил-қизларини 2018 йилдан буён нишонланиб келинаётган 30 июнь Ёшлар куни билан табриклади.

Давлат раҳбари «ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни камол топтириш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида доимо эътибор марказида бўлиб келаётганини» эслатди.

Унинг таъкидлашича, сўнгги йилларда «мамлакатда ёшлар билан ишлаш бўйича дунёда ўхшаши кам бўлган вертикал бошқарув тизими яратилган. Бу эса маҳаллалардаги президент вакиллари бўлган ёшлар етакчилари орқали йигит-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ кўплаб масалаларни қуйи бўғиннинг ўзида ҳал этиш имконини бермоқда».

Шавкат Мирзиёев тадбиркорлик билан шуғулланаётган, халқаро олимпиадаларда муваффақиятли иштирок этаётган ёшлар, қолаверса, Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг тарихда илк бор Олимпиадага кириши ҳақида гапираркан, шундай деди: «Мана, бизнинг қандай истеъдодли, билимли ва матонатли ёшларимиз бор! „Янги Ўзбекистон ёшлари“ деган шарафли номга ҳар томонлама муносиб бўлган бундай йигит-қизлар бизнинг бебаҳо бойлигимиз, олтин фондимиздир».

«Фарзандлари билимли, истеъдодли, ўзининг кучи ва салоҳиятига ишониб, доимо олдинга интилиб яшайдиган халқ ва давлатнинг истиқболи, албатта, ёруғ бўлади. Биз Ўзбекистон ёшларини ана шундай эзгу фазилатлар соҳиблари этиб тарбиялаш учун бундан буён ҳам бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз», — деди президент.

«Ҳеч қачон унутманг, сизлар ёшликнинг ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, доимо бунёдкорлик ва ижодкорлик ҳисси билан, Ватанга чексиз меҳр ва садоқат туйғуси билан яшасангиз албатта кам бўлмайсиз, — деди у.