BYD компанияси Ўзбекистонга кириб келганидан бери нарх-наво тушиб бормоқда, бундай тендеция эса давом этади. Бу ҳақда BYD Uzbekistan Factory бош директори Шафқатбек Алимов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, компанияга Шавкат Мирзиёев бир нечта вазифаларни белгилаб берган. Хусусан, ишлаб чиқариладиган оммабоп машиналар моделини кўпайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини 500 мингтага ошириш, маҳаллийлаштириш ҳажмини 60 фоизга етказиш, малакали кадрлар тайёрлаш, таннархни пасайтириш шулар жумласидан.

Шафқатбек Алимов, шунингдек, президентга ҳозирда Хитойда оммабоп бўлиб турган бир нечта моделлар — E2, Seagull ва Yuan (қуйидаги расмда) кўрсатилгани ва улар давлат раҳбарига маъқул келганини билдирди.

Фото: «Ўзбекистон 24» Фото: «Ўзбекистон 24»

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги заводда ишлаб чиқариладиган BYD`лар нархи четдан олиб келинадиганлари нархидан арзон бўлади.

«Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган машина четдан олиб келиб сотилаётган машина нархидан арзон бўлади. Нарх-наво масаласида ҳозирги кунда қўйилган вазифалар таъсир қилади, яъни маҳаллийлаштириш ортгани сари логистик харажатлар камаяди, қўшилган қиймат ортади ва таннарх ҳам ўзидан-ўзи тушиб боради. Электромобилларнинг таннархига таъсир қиладиган энг асосий нарса бу — аккумулятор батареяси. Қурилманинг 1 кВ нархи ўтган йили 132 доллар эди. Бу йил 100 долларга яқинлашди, 2025 йилга бориб 50 долларга яқинлашади, деган прогнозлар бор», — деб таъкидлади автозавод бош директори.

Унинг айтишича, компаниянинг Ўзбекистонга киритаётган инвестициялари ҳажми дастлаб 60 млн долларга тенг эди. Ҳозирда лойиҳа қиймати 160 млн доллар. Уни 2030 йилга бориб 500 млн долларга етказиш ҳақида гап кетмоқда, деди Шафқатбек Алимов. «Биз ҳозир битта заводни ишга тушириш арафасида кейинги заводларнинг концепциясини ишлаб чиқиб, жой танлаб, қайси моделларни ишлаб чиқариш тўғрисидаги музокараларни бошлаб юбордик», — дея қўшимча қилди у.

Бундан ташқари, компания ҳажмни оширгач машиналарни экспорт қилишни бошлашни режа қилмоқда.

«Ҳамкорлар билан келишганмиз: Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган моделлар бошқа давлатларга фақат Ўзбекистондан экспорт қилинади. Яъни Хитойда ишлаб чиқарилган ўша моделлар бизнинг экспорт бозоримизга олиб келинмайди. Автомобилсозлик саноатида муҳандис кадрларнинг ўрни катта. Шу нуқтаи назардан BYD`нинг тажрибаси бор. Компания ҳар йили 10 минг нафар битирувчини ишга олади. Ҳозир 600 минг нафардан зиёд ходимлари бор. Келажакда ҳам маҳсулот, ҳам техник жараён даражасида муҳандислар тайёрлашга зарурат бор. Бизда ишлаб чиқариш учун 11 та муҳим йўналиш бор, унинг ҳар бири учун алоҳида тайёрлов мактаблари яратилиши бутун бошли кластерга фойдаси тегади», — дея таъкидлади у.

Унинг сўзларига кўра, Жиззахдаги завод хориждаги BYD компаниясининг электромобиль ва гибрид автомобиль ишлаб чиқариш бўйича илк заводи ҳисобланади. Ҳозир компания Таиланд, Венгрия давлатларида завод қуришни режалаштирмоқда. Завод 8 ойда қуриб битказилди, уни қуришга 1,5 мингдан ортиқ қурилма жалб этилиб, энг илғор технологиялар жорий қилинган ҳолда автомобиль ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, 27 июнь куни Шавкат Мирзиёев Жиззахдаги BYD Uzbekistan Factory автомобиль заводига ташриф буюрганди. Ҳозир у ерда 2 моделдаги автомобиль ишлаб чиқарилмоқда — Chazor ва Song Plus Champion. Шавкат Мирзиёев BYD президенти Ван Чуаньфу билан компаниянинг Ўзбекистонда «яшил» транспортни ривожлантириш лойиҳасида иштирок этиш режаларини муҳокама қилганди. У инновацион тадқиқот марказини яратиш, Blade батареялари ва BYD электробусларини ишлаб чиқариш кабиларни ўз ичига олади.