Шавкат Мирзиёев 1 июль куни тармоқ ва ҳудудларда энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари бўйича ҳисобот билан танишди.

Президент матбуот хизматининг ёзишича, жорий йил бошида ҳудудларда электр энергияси ва табиий газни тежаш бўйича мақсадли кўрсаткичлар шакллантирилган. У энергия истеъмолини, ишлаб чиқаришга халал бермаган ҳолда, самарали ташкил этиш орқали муайян ҳажмларни тежашга қаратилган.

энергия тежамкорлик, энергия самарадорлиги, президент, энергия таъминоти

Давлат раҳбари йиғилишда энергия истеъмолида ўғирликлар кўплигини кўрсатиб ўтди. «Масалан, бу йил 15 мингта ҳолатда табиий газ ва 28 мингта ҳолатда электрдан ўғирлик аниқланган. Бунинг сабаби — ҳозирги тизимда ноқонуний уланишларнинг олдини олиш эмас, оқибати билан курашиляпти», — дейилади хабарда.

Шавкат Мирзиёев бундай ҳолатларга йўл қўймаслик, энергия сарфини қатъий назорат қилиш, масъулларнинг жавобгарлигини ошириш зарурлигини қайд этди.

Бундан ташқари, у соҳадаги инвестициявий лойиҳаларни, чет эллик шериклар билан эришилган келишувларни юқори даражада амалга ошириш кераклигини таъкидлади.

энергия тежамкорлик, энергия самарадорлиги, президент, энергия таъминоти

Шунингдек, йиғилишда куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ҳам ахборот берилди. Қайд этилганидек, 850 километр магистрал тармоқ ва 9 та подстанцияни таъмирлаш бўйича ишлар бошланган. Бунга қўшимча 595 километр электр тармоғи қурилиб, қатор янги подстанциялар ишга туширилади. Иссиқлик станциялари барқарор ишлаши учун зарур ёқилғи, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар захиралари шакллантирилмоқда.

Мутасаддиларга энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш, инфратузилмани модернизация қилиб, энергия етказиб бериш узлуксизлигини таъминлаш юзасидан вазифалар қўйилди.