«Фотон» устав капиталидаги 85,58 фоиз давлат улуши хусусийлаштирилди, дея хабар қилди Давлат активларини бошқариш агентлиги.

Хусусан, «Фотон» АЖ устав капиталидаги 85,58 фоиз давлат улушини профессионал консультантни жалб этган ҳолда музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш йўли билан ташкиллаштирилган хусусийлаштириш натижалари бўйича 151 млрд сўм сотиб олиш тўлови билан Havvo Group МЧЖ савдо ғолиби деб топилди.

«Ғолиб томонидан келажакда Корхонанинг ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, маҳсулотлар турини ва реализацияси географиясини янада кенгайтириш, бошқарув самарадорлигини ошириш, шунингдек корхона фаолиятига замонавий корпоратив бошқарув тизимларини жорий этиш ва барқарор ривожлантиришни таъминлаш режалаштирилган», — дейилади хабарда.

«Фотон» ҳақида

«Фотон» заводи 1942 йилда ташкил этилган ва бугунги кунда тахминан 68 минг квадрат метрга тенг иккита ишлаб чиқариш майдонига эга. Давлат 296 мутахассис ишлайдиган корхона акцияларининг 85,6 фоизига эгалик қилади. «Фотон» 30 дан ортиқ турдаги яримўтказгич маҳсулотлари ва микросхемалар, телевизорлар, чангюткичлар, онлайн касса аппаратлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. 2020 йил декабрь ойида «Ўзэлтехсаноат» Россия инвесторларига «Фотон»нинг давлат акциялари пакетини таклиф қилган.

«Фотон» акциядорлик жамиятининг асосий фаолият соҳаси радиоэлектрон жиҳозлар учун электрон техника ва интеграл микросхемалар ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ҳамда электроника асосидаги турли маҳсулот турларини ишлаб чиқариш ҳисобланади. Корхона (70 хилдан ортиқ) дискрет ва планар ярим ўтказгичли диодлар, кам шовқинли дала транзисторлари ва интеграл микросхемаларни тайёрлаш технологияларига эгалик қилади. Корхонада замонавий назорат-касса машиналари, LED телевизорлар, гўдакларни тортишга ишлатиладиган торозилар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

2023 йилда «Фотон» АЖ томонидан 14,5 минг дона маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлиб, соф тушуми 36,4 млрд сўмни, соф фойдаси 1,4 млрд сўмни, соф активлари 20,1 млрд сўмни ва мажбуриятлари 1,8 млрд сўмни ташкил қилган.

Харидор ҳақида

Havvo Group 2019 йилда ташкил этилган қишлоқ хўжалиги холдинги бўлиб, мавсумий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қуритилган мевалар ва ёнғоқлар экспорти ва импорти билан шуғулланади. Холдинг таркибига Havvo Group, Havvo Agro Food, Havvo Trust, Havvo Noble МДҲ компаниялар гуруҳи киради.

Компания сайтида қайд этилганидек, холдингнинг йиллик экспорт айланмаси қарийб 30 миллион долларни, импорт айланмаси эса 10 миллион долларга яқин. Корхона асосчиси ва раҳбари Зиёдулла Раҳмат ўғли Холмирзаевдир.