Шавкат Мирзиёев 1 июль куни Кўксарой қароргоҳида расмий ташриф билан мамлакатда бўлиб турган БМТ бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

«Давлат раҳбари Гутерришнинг республикага бу галги — иккинчи ташрифи (биринчиси 2017 йилда) „Ўзбекистон-2030“ стратегияси доирасида амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар БМТ томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганининг тасдиғи эканини таъкидлади», — дейилади хабарда.

антониу гутерриш, бмт

Музокаралар чоғида глобал ва минтақавий тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш, Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳолати муҳокама қилинди.

140 та қўшма дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани, Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош ассамблеясининг 10 та махсус резолюцияси қабул қилингани ҳақида сўз борди.

Матбуот хизмати қуйидагиларни санаб ўтди: «йил бошидан буён БМТ бош котибининг бешта ўринбосари Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ўтган ойда мамлакат Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш (ECOSOC) таркибига ва Халқаро меҳнат ташкилотининг Маъмурий кенгашига сайланди. Ўзбекистон вакили биринчи марта БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси бўлди. Тошкентда БМТнинг яна бир махсус муассасаси — Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича халқаро жамғарманинг ваколатхонаси иш бошлади».

антониу гутерриш, бмт

Таъкидланишича, биргаликда глобал кун тартибига оид йирик халқаро тадбирлар, жумладан, озиқ-овқат хавфсизлиги, туризмни ривожлантириш, камбағаллик ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳамда биохилма-хилликни муҳофаза қилиш бўйича тадбирлар ўтказилмоқда. Келгуси йилда Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-бош конференцияси бўлиб ўтади.

антониу гутерриш, бмт

Учрашувда, шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Давлат раҳбари бош котибнинг халқаро хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, БМТ ва унинг асосий органларини ислоҳ қилиш ҳамда жорий йилда Нью-Йорк шаҳрида Келажак саммитини ўтказиш ташаббусларини қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди.

Минтақада транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни ривожлантириш, озиқ-овқат, энергетика ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

антониу гутерриш, бмт

Афғонистонда юзага келаётган вазият муҳокама қилиниб, афғон халқига гуманитар ёрдамни кенгайтириш, жаҳон ҳамжамиятининг бу мамлакатга нисбатан умумий стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Учрашув якунида 2026−2030 йилларда Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича БМТ билан ҳамкорликнинг ҳадли дастурини биргаликда ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришилди.

Кўксарой қароргоҳида бўлган учрашувда Антониу Гутерришга жаҳонда ҳамжиҳатлик ва бирдамликни фаол илгари суриш, ташкилот фаолияти самарадорлигини ошириш, шунингдек, мамлакат ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун Ўзбекистоннинг олий давлат мукофотларидан бири — олий даражали «Дўстлик» ордени топширилди.

Олий даражадаги музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Антониу Гутерриш Фахрий меҳмонлар хиёбонида дарахт экди.

Мамлакатга ташриф доирасида БМТ раҳбари Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Нарбаева билан ҳам учрашди.

Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, Антониу Гутерриш Тошкент вилоятидаги RiverSide қуёш фотоэлектр станциясига ташриф буюриб, Ўзбекистонда «яшил» энергетика соҳаси билан танишди.

Бош котиб, шунингдек, Тошкентдаги Ҳазрати Имом мажмуаси ҳамда Яккасарой туманидаги Дилбулоқ маҳалласига ташриф буюрди.

Эслатиб ўтамиз, Антониу Гутерришнинг Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистонга ҳам бориши режа қилинган. Жорий саёҳат 7 июлга қадар давом этади.