Халқаро амалиётда бирламчи уй-жой учун ипотека фуқароларга ҳали қурилиш босқичида бўлган уй-жойлардан кўчмас мулк сотиб олиш учун кредит ажратишни англатади, бунда квадрат метр нархи объект фойдаланишга топширилгандан кейинги нархга қараганда анча паст бўлади. Ўзбекистонда ипотека кредитларини ажратиш тартиби тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, фойдаланишга топширилганига уч йилдан ошмаган уй-жойлар олди-сотдиси бирламчи уй-жой бозори сифатида таснифланади. Ривожланган ипотека кредитлаш тизимига эга мамлакатларда бундай уй-жой аллақачон иккиламчи бозор ҳисобланади.

Ўзбекистон ипотека кредитлашни ривожлантиришнинг дастлабки босқичида бўлиб, ушбу босқичда ҳукумат қурилиш босқичида бўлган уй-жойларни ипотека кредитлаш билан боғлиқ хатарлардан иқтисодиётни ҳимоя қилади. Ривожланган ипотека тизимига эга мамлакатлар бу босқични аллақачон босиб ўтган, Ўзбекистон ҳам шундай тизимга эришади, дейди Realting.uz кўчмас мулк платформаси раҳбари Андрей Садиков.

realting.uz, ипотека, кўчмас мулк

Ҳозирги вақтда мамлакатда фақат қуриб битказилган уй-жойларни сотиб олиш учун кредит олиш мумкин. Кўчмас мулк сотиб олиш истагида бўлган, бироқ шартнома миқдорини тўлиқ тўлаш учун етарли маблағга эга бўлмаган кўплаб ўзбекистонликлар учун бу ҳам муҳим восита. Шунингдек, ҳукумат ҳар йили кўп сонли фуқароларга уй-жой сотиб олиш имкониятини тақдим этиш мақсадида янги ипотека кредитлаш дастурларини қабул қилади.

Ушбу мақолада Андрей Садиков мавжуд тизимнинг харидорлар учун афзалликлари ва турли банкларда ипотека кредитлаш шартларини таҳлил қилади.

realting.uz, ипотека, кўчмас мулк

Ипотеканинг афзалликлари

Кўчмас мулк сотиб олиш имконияти. Ипотека харид қилиш учун зарур бўлган миқдорда тўлов қилишга маблағи етарли бўлмаган ҳолда кўчмас мулк сотиб олиш имконини беради.

Узоқ муддатлилик. Уй-жой сотиб олиш учун кредитлар одатда узоқ муддатга (20 йилгача) тақдим этилади, бу эса ойлик тўловларни камайтириш ва уларни қарз олувчининг молиявий имконияти даражасида қилиш имконини беради.

Фиксирланган тўловлар. Ипотека кредитлари фиксирланган фоиз ставкасига эга бўлиб, бу қарз олувчига ўз харажатларини аниқ режалаштириш ва кредит ставкалари ўзгариши билан боғлиқ кутилмаган ҳодисаларнинг олдини олиш имконини беради.

realting.uz, ипотека, кўчмас мулк

Солиқ чегирмалари. Ўзбекистонда ипотека олувчилар учун солиқ имтиёзлари мавжуд бўлиб, бу ипотекани янада манфаатли қилади. Шунингдек, муайян тоифадаги фуқаролар учун имтиёзлар берилиши ва субсидиялар ажратилиши мумкин. Масалан, давлат уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган кам даромадли оилаларнинг ипотека кредитларини субсидиялайди. Қуйидаги тоифадаги 18 ёшга тўлган фуқаролар субсидия олишлари мумкин:

  • қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг (МҲТЭКМ) 3 бараваридан (2,940 млн сўм) 6,9 бараваригача (6,762 млн сўм) миқдорда даромадга эга бўлган аҳоли;
  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларида истиқомат қилувчи белгиланган МҲТЭКМнинг 3 бараваридан (2,940 млн сўм) 8 бараваригача (7,840 млн сўм) миқдорда даромадга эга бўлган аҳоли;
  • Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи белгиланган МҲТЭКМнинг 3 бараваридан (2,940 млн сўм) 9,2 бараваригача (9,016 млн сўм) миқдорда даромадга эга бўлган аҳоли.

Фуқаролар субсидия олиш учун my.gov.uz портали орқали электрон тарзда ариза топширишлари мумкин. Ариза ижобий кўриб чиқилгандан сўнг, аризачи уй-жойни ипотека ҳисобидан сотиб олиш учун қурилиш (пудрат) ташкилоти билан шартнома тузади.

realting.uz, ипотека, кўчмас мулк

2023 йил 1 майдан бошлаб банкларга расмий даромади бўлмаган жисмоний шахсларга ипотека кредитлари ажратишга рухсат берилди. Уларнинг тўловга лаёқатлилигини аниқлашда банк карталаридаги айланмалар, ижара тўловлари, коммунал ва бошқа харажатлар ҳисобга олинади.

Қолаверса, эҳтиёжманд фуқароларга уй-жой сотиб олиш учун субсидиялар ажратиш тартиби қайта кўриб чиқилиши режалаштирилмоқда. 2023 йил ноябрь ойида иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров вилоятларда ажратилган ипотека субсидияларининг бир қисми фойдаланилмай қолаётгани, чунки ойлик бадалларни сўндириш учун оилаларнинг даромадлари етарли эмаслигини маълум қилган эди. Бундан келиб чиқадики, улар субсидия олиш имкониятидан фойдалана олмайди.

realting.uz, ипотека, кўчмас мулк

Кўчмас мулкка инвестиция. Кўчмас мулк нархларининг ўсиши нуқтаи назаридан, уй-жойни ипотека орқали сотиб олиш фойдали инвестиция бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда қандай шартларда ипотека кредити олиш мумкин?

Realting.uz платформаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 12 та банк иккиламчи уй-жой учун ипотека кредитлари ажратади. Фоиз ставкалари турлича бўлиб, йилига 21 фоиздан 28 фоизгача. Кредитларни сўндириш муддати 5−20 йилни ташкил этади. Дастлабки тўлов 20 фоиздан бошланади. Дастлабки тўлов миқдори қанча катта бўлса, фоиз ставкаси шунча кичик бўлади.

Харидорлар кредит муддатини ҳисобга олишлари лозим. Узоқроқ муддат ойлик тўловлар миқдорини камайтиришга имкон беради, бироқ тўланадиган фоизларнинг умумий миқдорини оширади. Оптимал вариант кредит муддати ва ойлик тўловлар ўртасидаги мувозанат бўлиб, бу қарз олувчи учун қулай.

Банклар томонидан таклиф этиладиган ипотека кредитларининг максимал миқдори 400 млн сўмдан 1,7 млрд сўмгача. Шундай қилиб, қарз олувчилар кўчмас мулк нархидан келиб чиқиб ўзлари учун оптимал вариантни танлашлари мумкин.

Банк номи

Кредит муддати

Дастлабки тўлов

Фоиз ставкаси

Кредитнинг максимал миқдори

1

XХалқ банки

20 йилгача

25%

17,5%

400 млн сўм

2

Tenge Bank

10 йилгача

25%

23,9%

820 млн сўм

3

Бизнесни ривожлантириш банки — BRB

10 йилгача

26%

25%

600 млн сўм

4

Миллий банк

10 йилгача

25−40%

24−26%

чекланмаган

5

Асакабанк

10 йилгача

25%

26%

600 млн сўм

6

Infinbank

15 йилгача

26%

27,99−28,99%

918 млн сўм

7

Саноатқурилишбанк — SQB

15 йилгача

20%

26−28%

1,5 млрд сўм

8

Ипотекабанк

20 йилгача

20−26%

25,99−26,4%

1,7 млрд сўм

9

Агробанк

10 йилгача

25−40%

26−26,5%

990 млн сўм

10

Алоқабанк

10 йилгача

25%

27%

800 млн сўм

11

Ҳамкорбанк

10 йилгача

26%

28%

600 млн сўм

12

Даврбанк

7 йилгача

талаб этилмайди

28,99%

1,5 млрд сўм

Қарз олувчининг ҳаётини суғурталаш ва кўчмас мулк суғуртаси, кредит берганлик учун комиссиялар каби қўшимча шартлар ва йиғимларни ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга. Бу харажатлар ипотека умумий қийматини ўртача 2−4 фоиз бандга оширади.

Шу сабабли, потенциал қарз олувчиларга барча шартларни ўрганиб чиқиш ҳамда энг фойдали ва қулай вариантни танлашда ёрдам берадиган риэлторларга мурожаат қилиш тавсия этилади.

Ипотека ўзига хос афзаллик ва камчиликларга эга, шундай экан, қайси ҳолларда бу вариант ҳақиқатда оқилона ва фойдали бўлиши, қайси ҳолларда эса ундай бўлмаслигини тушуниш муҳим. Агар қарз олувчи ўз молиявий мажбуриятларига масъулият билан ёндашса ва ҳар ой ўз даромадининг сезиларли қисмини кредитга тўлашга тайёр бўлса, ипотека олиш мақсадга мувофиқ бўлиши мумкин. Бироқ, бюджетни интизом билан юрита олмайдиганлар учун ипотека мутлақо мос келмайди.