Давлат хавфсизлиги хизмати ходимлари билан биргаликда ҳудудларда фуқароларни ноқонуний хориж давлатларига ишга юборишни ваъда қилганлар қўлга олинди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Самарқанд шаҳрида А.Ш. фуқароларни Англияга ишлаш учун юборишни ваъда қилган. Эвазига уларнинг 18 минг долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Андижон вилояти Олтинкўл туманида эса Х.Т. фуқаро С.К.нинг ишончига кириб, уни Канада давлатига ишга юборишини айтган. Бунинг эвазига 3 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қорақалпоғистонда И.Ж. фуқаро Э.Х.ни 1,5 минг доллар эвазига Сербия ёки Болгария давлатларига ишлаш учун виза олиб беришини билдирган. Шундан 500 долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.

Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, дейилади хабарда.