2024 йилги ёз фаслининг ўртаси — июль ойи қулай шароитлардан бошланади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет агентлиги.

1−3 июль кунлари ҳаво ҳарорати +31…+36 даража атрофида, жанубда +38…+40 даражагача бўлади. Сўнгра ҳарорат тартиби бўйича меъёрга яқин бўлиши кутилмоқда.

Ойнинг катта қисмида ҳаво ҳарорати +35…+40, жанубда ва чўл ҳудудларда +41…+43 даражагача бўлади. Фақат айрим кунларда ҳарорат бу қийматлардан 2−3 даражага юқори бўлиши мумкин.

Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ўртача +40 даража ва ундан юқори ҳароратли июль ойида жуда иссиқ кунлар сони 2 кундан 5 кунгачани, шимолда 6−8 кунни, жанубда ва чўл ҳудудларда 12−15 кунни ташкил этади. Сўнгги йилларда бундай иссиқ кунлар сонининг кўпайиши тенденцияси кузатилмоқда, дея таъкидлайди мутахассислар.

Республика бўйича баъзи жойларда, асосан тоғолди ва тоғли ҳудудларда июль ойининг айрим кунларида маҳаллий хусусиятга эга бўлган қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши эҳтимоли бор.

Тарихда июль ойлари қандай ўтган?

Июль — ёз фаслининг энг иссиқ даври бўлгани учун Ўзбекистонда июль ойида энг юқори ҳаво ҳароратлари кузатилади. Ойнинг ўртача максимал ҳарорати (ёки иқлимий меъёр) республика ҳудудининг катта қисмида +35…+37, жанубда ва чўл ҳудудларда +38…+40 даражани ташкил этади.

Аммо деярли ҳар йили июль ойида ҳаво ҳарорати +39…+41 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +43…+45 даражагача бўлган жуда иссиқ даврлар кузатилади, энг иссиқ йилларда эса бундан ҳам юқор бўлади. Сўнгги 10 йил ичида (2014−2023) 7 та июль метеорологик кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ўнталикка кирган.

Хусусан, 2014 йил июль ойи иқлимий меъёрдан совуқроқ, 2016 ва 2020 йилларнинг июль ойлари меъёрдан бироз иссиқроқ бўлган. Республика ҳудудининг катта қисмида метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун 2019 йил июль ойи энг иссиқ бўлган. Мисол учун, Тошкент шаҳрида 14 кун давомида максимал ҳаво ҳарорати кетма-кет +40 даражадан юқори бўлиб, энг иссиқ кунларда эса +43 даражагача етган. Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларида 2018 йил июль ойи, энг чекка жанубда эса 2021 йил июль ойи энг иссиқ бўлган.

Инфографика: Ўзгидромет.Инфографика: Ўзгидромет.

Юқорида қайд этилган йилларда максимал ҳаво ҳарорати +41…+43, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +44…+45 даражага етган. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий вилоятларида баъзи жойларда ҳаво ҳароратининг тарихий максимуми +46…+48 даража бўлган. Республиканинг қолган ҳудудларида бошқа йилларда ҳам максимал ҳароратнинг мутлақ рекордлари ўрнатилган.

Тошкентда рекорд ҳаво ҳарорати ҳали ҳам +44,6 даражани ташкил этади, бу 1997 йил июль ойида қайд этилган. Ўзбекистон ҳудуди бўйича энг юқори июль ойи ҳарорати барча кузатув йиллари учун Қизилқум чўлида қайд этилган. Ушбу ҳудудда 1983 йил июль ойида ҳаво ҳарорати +50 даражага етган.

Синоптикларнинг эслатишича, ҳарорат рекордлари ва уларга яқин қийматлар жуда камдан-кам ҳолларда фақат энг иссиқ июль ойларида кузатиладиган алоҳида ҳолатлардир.

Июль ойида ёмғир камдан-кам ҳолларда ёғади, чунки бу йилнинг энг қуруқ ойларидан биридир. Ўртача кўп йиллик давр учун ҳудуднинг катта қисмида 1−2 кун, баъзи жойларда 3−4 кунгача ёмғир кузатилади. Одатда июль ёмғирлари маҳаллий хусусиятга эга бўлиб, жуда қисқа бўлади.

Фарғона водийси ва республиканинг тоғли ҳудудларида ёмғир кўпроқ — ойда ўртача 6−9 кунгача ёғади. Бу ҳудудларда июль ойида ҳали ҳам сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши кузатилади, дейилади хабарда.