Бундан 124 йил аввал, 1900 йилнинг 29 июнида француз ёзувчиси ва учувчиси Антуан де Cент-Экзюпери туғилган. Унинг учувчиликка бўлган қадами 1921 йилда Франция армиясига чақирилишидан бошланган бўлса, ёзувчиликка кириб келиши 1923 йилда юз берган авиафалокат билан боғлиқ. Фалокат оқибатида бош мия суяги жароҳатланган Экзюпери Парижга жўнаб кетиб, у ерда ёзувчиликка шўнғиб кетади.

Экзюпери турли йилларда «Учувчи», «Жанубга хат», «Тунги парвоз», «Башар сайёраси», «Ҳарбий учувчи», «Истеҳком», «Ёшлик мактублари» каби асарлар ёзди. 1943 йилда уни бутун дунёга танитган «Кичкина шаҳзода»си нашрдан чиқди. Дунёнинг 300 дан ортиқ тилига таржима қилинган ушбу қисса 1988 йилда Хайриддин Султонов томонидан ўзбек тилига ҳам ўгирилган (аввалроқ Ботир Зокиров томонидан радиопостановкаси ҳам тайёрланган).

«Газета.uz» учувчи ва ёзувчиликни ўзида мужассам этган Антуан де Cент-Экзюпери таваллуд куни муносабати билан «Кичкина шаҳзода» асаридан парчалар берди.

«Кичкина шаҳзода»дан парчалар

***

Катталар ҳеч қачон бирор нарсани ўзларича тушуна олмайдилар. Уларга ҳадеб ҳижжалаб тушунтириб беравериш эса охир-оқибат болаларнинг ҳам жонига тегиб кетади.

***

Менда Кичкина шаҳзода Б-612 деб аталмиш мўъжаз сайёрадан тушиб келган, деб ҳисоблашга жиддий асослар бор. Бу астероид телескопда фақат бир марта — 1909 йили бир турк астрономи томонидан кузатилган эди. Ўшанда астроном ажойиб кашфиёти ҳақида халқаро астрономия конгрессида маъруза қилган, аммо унинг гапига бирор кимса ишонмаган. Чунки у туркча кийинган эди. Ана шундай ғалати халқ бу катталар!

Буни қарангки, Б-612 деб аталмиш астероиднинг бахтига турк султони ўз фуқароларига ўлим жазоси таҳдиди билан, европача кийинишни жорий этди. Ўшанда астроном 1920 йили кашфиёти ҳақида тағин маъруза қилди. Бу сафар у энг сўнгги модада кийинган эди — ҳамма унинг гапини маъқуллади.

Б-612 деб аталмиш астероид ҳақида сизга бундай батафсил сўзлаб ўтирганимга, ҳатто унинг тартиб рақамини келтирганимга катталар сабаб. Чунки катталар рақамларни жуда яхши кўришади. Агар уларга янги дўст орттирганингиз ҳақида сўзлаб қолсангиз, улар ҳеч қачон асосий нарса ҳақида сўрамайдилар.

Улар ҳеч қачон: «Унинг овози қанақа? Қанақа ўйинларни яхши кўради? У капалак тутадими-йўқми?» деб суриштирмайдилар. Улар: «Ёши нечада? Нечта оға-иниси бор? Вазни қанча экан? Отаси қанча мояна олади?», дея сўрай кетадилар. Сўнг шу тариқа ўзларича одамни билиб олган бўладилар.

Мабодо катталарга: «Мен қизғиш ғиштли бир чиройли уйни кўрдим, деразасида ёронгул очилиб турибди, томида каптари бор», — деб айтсангиз, улар бу иморатни сира ҳам кўз ўнгларига келтира олмайдилар. Уларга: «Мен юз минг франкли уйни кўрдим», — деб айтиш лозим — шунда улар: «Ана гўзаллиг-у мана гўзаллик!», дея хитоб қиладилар…

Ана шунақа ғалати халқ бу катталар. Улар хафа бўлиб ўтиришга арзимайди. Болалар катталарга нисбатан кенгфеъл ва кечиримли бўлишлари лозим. Аммо бизлар, яъниким, ҳаётнинг нима эканини англайдиган кишилар, номерлар ва рақамлар устидан қаҳ-қаҳ уриб куламиз!

***

Кичкина шаҳзоданинг сайёрасида ана шундай зарарли мудҳиш уруғлар бор экан — баобобларнинг уруғи. Сайёранинг тупроғида шу ёвуз уруғ тўлиб-тошиб кетган экан. Агар баобобни ўз вақтида пайқаб юлиб ташланмаса, кейин ундан қутулишнинг иложи бўлмайди. У бутун сайёрани эгаллаб олади, баҳайбат, қутурган томирлари билан уни ҳар томондан чирмаб эза бошлайди. Мабодо сайёра мўъжазгина бўлсаю, баобоблар сон-саноқсиз бўлса, у ҳолда улар уни тилка-пора қилиб ташлаши ҳам ҳеч гап эмас.

— Бизда шундай қоида бор, — деди Кичкина шаҳзода кейинчалик менга. — эрталаб уйқудан туриб, юз-қўлингни ювгач, у ёқ-бу ёқни йиғиштирганингдан сўнг, дарҳол сайёрангни тозалашга киришмоғинг лозим. Баобобларни ҳар куни, канда қилмай йўқ қилиб туриш керак. Аммо уларни гул кўчатидан ажрата билиш керак: иккаласининг ҳам ниҳоли бир-бирига жудаям ўхшайди. Бу жудаям зерикарли иш, лекин сира ҳам қийин эмас.

***

Дўстим қўзичоғи билан бирга мени тарк этганидан буён орадан олти йил ўтди. Уни унутиб юбормаслик учун ҳам у ҳақда сўйламоқчиман. Чунки дунёда дўстларни унутиб юборишдан ҳам қайғулироқ нарса йўқ. Ахир дўст бўлиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди-да. Қолаверса, мен ёруғ оламда рақамдан бошқа нарсага қизиқмайдиган катталарга ўхшаб қолишни сира-сира истамайман.

***

Эҳ, Кичкина шаҳзода! Аста-секин мен сенинг нақадар ғамгин ва якранг ҳаёт кечирганингни англаб етдим. Узоқ йиллар мобайнида ягона дилхуш эрмагинг қуёш ботар пайт — ғурубни томоша қилиш бўлган экан. Мен буни тўртинчи куни эрталаб, ўзинг сўз орасида:

— Ғурубни жудаям яхши кўраман. Юр, қуёш ботишини томоша қиламиз, — деб қолганингда сездим…

Ҳақиқатдан ҳам, Америкада кун чошгоҳ бўлганда Францияда кун ботишини ҳамма билади. Агар у ердан бир лаҳзанинг ичида Францияга етиб борилса, қуёш ботишини ҳам томоша қилиш мумкин. Бахтга қарши, Франция бу ердан узоқ, бениҳоя узоқ. Сенинг сайёрангда эса тагингдаги курсичани бир неча қадам нари сурсанг бас — ғурубга истаганча узлуксиз мафтун бўлиб термилавериш мумкин эди.

— Бир сафар мен бир кунда қирқ уч марта қуёш ботишини томоша қилганман!

Орадан сал ўтгач, хиёл андуҳ билан яна шундай дединг:

— Биласанми… баъзан юрагинг нимадандир ғуссага тўлиб кетганда, ботаётган қуёшга бирпас термулиб ўтирсанг борми…

— Демак, ғурубни қирқ уч марта томоша қилган кунинг жудаям хафа бўлган экансан-да?

Аммо Кичкина шаҳзода бунга жавобан индамади.

***

Биринчи астероидда қирол яшарди…

Э, мана, фуқаро ҳам келиб қолди! — деб хитоб қилди қирол Кичкина шаҳзодани кўриш билан.

«У мени қаёқдан биларкан?» — деб ўйлади Кичкина шаҳзода. — Ахир умрида биринчи марта кўриб турибди-ку!".

Билмасдики, қироллар дунёга жўнгина қарайдилар, улар учун жамики одам — фуқаро.

— Яқинроқ кел, қани, сени бир яхшилаб кўриб олайчи, — деди қирол ниҳоят кимгадир қироллик қилиши мумкинлигидан ўлгудек талтайиб…

«Агар мен генералимга, денгиздаги оқ чорлоққа айланасан, деб амр этсаму, генерал буйруғимни бажармаса, — дерди у, — бу унинг эмас, менинг айбим бўлади».

— Ўтирсам майлими? — дея бўшашибгина сўради Кичкина шаҳзода.

— Амр этаман: ўтир! — деб жавоб берди қирол ва виқор билан ҳашамдор жуббасининг бир этагини пича йиғиштирди.

Лекин Кичкина шаҳзода ҳайрон эди: сайёра-ку шундай жимит экан, қирол кимнинг устидан ҳукмронлик қиларкан?

— Аъло ҳазратлари, — деб сўз бошлади у, — бир нарсани сўрасам майлими?

— Амр этаман: сўра! — деди қирол шоша-пиша.

— Аъло ҳазратлари… Сиз кимнинг, ниманинг устидан ҳукмронлик қиласиз?

— Ҳаммасининг, — деб жавоб берди қирол оддийгина қилиб.

— Ҳаммасининг?

Қирол камтарона бир ҳаракат билан ўз сайёрасига, шунингдек, теваракдаги бошқа барча юлдуз ва сайёраларга ҳам ишора қилди.

— Сиз шуларнинг ҳаммасига ҳукмдорлик қиласизми?, — деб қайта сўради Кичкина шаҳзода.

— Ҳа, — деб жавоб қайтарди жаноб қирол. Зеро, у чиндан ҳам қонуний мутлақ ҳукмдор бўлиб, ҳеч қандай тўсиқ ва чекланишларни билмасди…

— Мен борай, — деди у қиролга. — Бошқа қиладиган ишим ҳам қолмади.

— Йўқ, кетма! — деди қирол. У ўзига фуқаро топиб олганидан ниҳоятда хурсанд эди ва ундан айрилишни сира-сира истамасди. — Қол, мен сени министр этиб тайинлайман.

— Қанақа министр?

— Ҳимм… бор ана, адлия министри бўлақол.

— Аммо бу ерда суд қиладиган бирорта ҳам одам йўқ-ку.

— Ким билади дейсан, — деб эътироз билдирди қирол. — Ахир мен ҳали бутун қироллигимни синчиклаб кўздан кечириб чиқмаганман-да. Кўриб турибсан, анча қариб қолганман, арава қўядиган жойим йўқ, яёв юришга эса чоғим келмайди.

Кичкина шаҳзода аста эгилиб, сайёранинг нариги чеккасига назар ташлади.

— Мен аллақачон синчиклаб қараб чиқдим! — деб хитоб қилди у. — У ёқда ҳам ҳеч зот йўқ.

— Ундай бўлса, ўзингни суд қила қол, — деди қирол. — Бу дунёдаги энг оғир иш. Ўзингни тергаш, суд қилиб, ҳукм чиқариш ўзгаларни суд қилишдан кўра минг карра қийинроқ. Агар ўзингни тўғри суд қила билсанг, демак, чиндан донишманд одам бўлиб чиқасан.

— Ўзимни истаган жойда суд қила оламан, — деди Кичкина шаҳзода. — Бунинг учун ҳузурингизда қолишга асло ҳожат йўқ.

— Ҳимм…ҳимм… — деди қирол чайналиб. — Назаримда, сайёранинг аллақайси ерида бир қари каламуш яшаса керак. Кечалари бир балоларни қитирлатиб юрганини эшитаман. Мана шу каламушни суд қилсанг ҳам бўлаверади. Вақти-вақти билан уни ўлимга ҳукм қилиб турасан. Унинг ҳаёт-мамоти сенга боғлиқ бўлади. Аммо ҳар сафар кейин уни афв этиш лозим. Бу қари каламушни асраб-авайлаш керак, ахир ўзи бор-йўғи битта-я.

— Мен бировларни ўлимга ҳукм қилишни ёқтирмайман, — деди Кичкина шаҳзода. — Умуман, менинг кетар вақтим бўлди.

— Йўқ, бўлмади, — деб эътироз билдирди қирол.

Кичкина шаҳзода йўлга равона бўлмоқчи эдию, лекин кекса ҳукмдорни хафа қилишни истамасди.

— Агар аъло ҳазратлари амр-фармонларининг сўзсиз бажарилишини хоҳласалар, — деди у, — у ҳолда менга оқилона фармойиш беришлари лозим. Масалан, сиз менга бир лаҳза ҳам ҳаялламай йўлга тушишни буюришингиз мумкин…

Қирол индамади. Кичкина шаҳзода хийла кутиб турди-да, аста хўрсиниб йўлга тушди.

— Сени элчи қилиб тайинлайман!, — деб қичқирди қирол унинг ортидан шоша-пиша. Шу тобда у гўё умрида гапини биров икки қилмагандек мамнун ва хотиржам кўринарди…

«Ғалати халқ-да бу катталар», — деб қўйди Кичкина шаҳзода ўзича, йўлида давом этаркан.

***

Иккинчи сайёрада шуҳратпараст яшарди.

— О, ана, мухлис ҳам келиб қолди! — деб хитоб қилди у Кичкина шаҳзодани узоқдан кўриши билан.

Ахир иззатталаб одамларга ҳамма уларнинг мухлиси бўлиб кўринаверади-да.

— Салом, — деди Кичкина шаҳзода. — Шляпангиз жудаям антиқа экан-а?

— Бу — таъзим бажо келтиришга, — деб тушунтирди шуҳратпараст. — Мени олқишлашган пайтда таъзим бажо айлашим лозим. Бахтга қарши бу ёққа бирор кимса қадам ранжида қилмаган эди.

— Э, шундайми? — деб қўйди Кичкина шаҳзода, у ҳеч нарсани тушунмаган эди.

— Бир чапак чалгин, — деди шуҳратпараст унга.

Кичкина шаҳзода кафтларини бир-бирига уриб чапак чалди. Шуҳратпараст шляпасини бошидан олиб, тавозе билан таъзим қилди.

Беш дақиқача шу тахлитдаги қарсак-таъзимдан сўнг Кичкина шаҳзода бундан ҳам зерикди.

— Нима қилса, шляпангиз бошингиздан учиб тушади? — деб сўради у.

Аммо шуҳратпараст бу гапни эшитмади. Иззатталаб одамлар мақтовдан бошқа ҳамма нарсага кар бўлишади-да.

— Сен ростдан ҳам менинг чин мухлисим бўласанми?, — деб сўради у Кичкина шаҳзодадан.

— Мухлис бўлиш дегани нима у?

— Мухлис бўлиш дегани — бу сайёрада менинг энг гўзал, энг башанг, ҳаммадан бой ва ҳаммадан ақлли эканимни тан олиш демакдир.

— Лекин сайёрангда ўзингдан бошқа бирон зот ҳам йўқ-ку!

— Барибир. Кел, менга бир яхшилик қил, яйраб қолай: Мени бир мақтагин!

— Мақташга-ку, мақтайман-а, — деди Кичкина шаҳзода хиёл елка қисиб, — аммо бундан сенга нима наф…

***

Кичкина шаҳзода тош устига ўтириб, осмонга тикилди.

— Қани энди, юлдузларнинг нега чарақлашини билсам, — деди у ўйчан оҳангда. — Чамаси, улар, эртами-кечми ҳар ким ўз юлдузини топиб олиш учун чарақлаб турса керак. Кўряпсанми, ҳув ана менинг сайёрам — шундоққина тепамизда… Аммо у қанчалар узоқда, эҳ-ҳе!

— Чиройли сайёра экан, — деди илон. — Ерга нега келдинг, нима қиласан бу ерда?

— Мен феруза гулим билан урушиб қолдим, — дея иқрор бўлди Кичкина шаҳзода.

— Э, шундай дегин…

Иккови ҳам жимиб қолди.

— Одамлар қаёқда, одамлар? — деб тағин сўради Кичкина шаҳзода. — Саҳрода ҳарқалай ўзингни ёлғиз сезаркансан киши.

— Одамлар орасида ҳам ёлғиз сезаверасан, — деб қўйди илон.

***

— Мен дўст излаб юрибман. Хўш, «қўлга ўргатиш» дегани нима?

— Бу аллақачонлар унут бўлиб кетган тушунча, — деб тушунтирди Тулки. — Бу дегани — ришталарни боғламоқ демакдир.

— Ришта боғламоқ?

— Худди шундай, — деди Тулки. — Ҳозир сен мен учун дунёдаги ўзингга ўхшаган юз минг боланинг бирисан, холос. Ҳозирча сен менга керак эмассан. Мен ҳам сенга ҳозир дунёдаги юз минглаб тулкининг бириман, холос. Аммо бордию сен мени қўлга ўргатсанг, иккимиз бир-биримизга керак бўлиб қоламиз. Сен мен учун дунёдаги ягона одамга айланасан. Мен ҳам сенинг учун дунёдаги ягонага айланаман…

— «Бир кам дунё» дегани шу экан-да! — деб хўрсинди Тулки. Аммо зум ўтмай, тағин сўз бошлади: — Ҳаётим жудаям зерикарли. Мен товуқларни пойлайман, одамлар эса мени пойлайди. Товуқнинг ҳаммаси бир хил, одамниям. Шунинг учун ҳаётим мудом зерикиш билан ўтади. Агар сен мени қўлга ўргатсанг, қоронғу турмушимга нур кирарди. Шунда сенинг оёқ товушларингни мен минглаб одам ичидан ажрата оладиган бўламан. Ҳозир одам шарпасини сезсам, бас, дарҳол бекиниш пайига тушаман. Аммо мени қўлга ўргатсанг борми, қадам олишинг худди оҳанрабо мусиқа янглиғ мени ўзига чорлайди-ю, яшириниб ётган жойимдан истиқболингга югуриб чиқаман…

Фақат қўлга ўргатилган нарсаларнигина билиб олиш мумкин. Ҳозир одамларнинг бирор нарсани билишга вақти қолмаган. Ҳамма нарсани тайёрлигича дўкондан олишади. Лекин дўст сотадиган дўкон йўқ-да, шунинг учун ҳам одамлар энди дўст орттирмайди…

Эртасига Кичкина шаҳзода яна шу жойга келди.

— Яхшиси, ҳар куни бир пайтда кела қолгин, — деб илтимос қилди Тулки. — Масалан, агар соат тўртда келадиган бўлсанг, мен соат учдан ўзимни бахтиёр ҳис қила бошлайман. Муддат яқинлашган сари бу қувонч орта боради. Соат тўртда эса юрагим ҳаяжонга тўлиб, шодумонлик билан тепа бошлайди. Ана шундагина мен бахт-саодатнинг қадрини сезаман. Бордию, сен ҳар куни ҳар хил вақтда келадиган бўлсанг, мени бу бахтиёрлик туйғусидан маҳрум қиласан…

***

— Фақат болаларгина нима излаб юрганини билади, — деди Кичкина шаҳзода ўзича. — Улар латта қўғирчоққа ҳам юрак-бағрини бериб, меҳр қўяди. Шу сабабли у уларга бениҳоя қадрли бўлиб қолди. Шу сабабли ҳам боладан қўғирчоғи тортиб олинса, ўксиб-ўксиб йиғлайди…

— Уларнинг бахти-да, — деди назоратчи.

***

— Юлдузлар жудаям чиройли, чунки қаеридадир гули бор, фақат кўринмайди, холос, — деб қолди.

— Ҳа, албатта, — дедим мен, Ой ёғдусида товланиб ётган қум тўлқинларига тикилганча.

— Саҳро ҳам чиройли… — деб қўшиб қўйди Кичкина шаҳзода.

Бу гап чиндан ҳам тўғри эди. Саҳро менга ҳамиша ёқади. Қум барханига чиқиб ўтирасан, ҳеч ким кўринмайди, ҳеч нарса эшитилмайди, аммо барибир саҳро қўйнида нимадир билинар-билинмас ялтирайди…

— Биласанми, саҳро нима учун яхши? — деди у. — Чунки унинг бағрида, кўз илғамас аллақаерларда булоқлар яширинган бўлади…

— Ҳаа, — дедим оҳиста. — Юлдузми, уйми, саҳроми, нимаики бўлмасин, ундаги энг гўзал нарса, кўзга кўринмайдиган нарсадир… Энг асосий нарсани кўз илғамайди, у сийратда, ботинда пинҳон…

***

— Сенинг сайёрангда, — деди Кичкина шаҳзода, — одамлар бир чаманзорда беш мингта гул ўстирар экан-у, излаганини тополмас экан…

— Тополмайди, — деб маъқулладим мен.

— Ҳолбуки, улар излаган нарсани бир дона гулдан, бир қултум сувдан ҳам топиш мумкин.

— Тўғри айтасан, — деб тасдиқладим яна.

Кичкина шаҳзода тағин ўйга чўмди:

— Афсуски, кўзлар басир, кўнгил кўзи билан излаш лозим.