Ўтган дам олиш кунлари Ўзбекистон ҳудуди бўйича бошланган ҳароратнинг пасайиши ушбу ҳафта бошида ҳам давом этади, деб хабар берди Ўзгидромет.

Душанба ва сешанба кунлари Волгабўйи ҳудудларидан кириб келган салқин ҳаво оқими ҳарорат фонини +30…+33 даражагача, жанубда +35…+38 даражагача пасайтиради.

Кейинчалик иш ҳафтасининг охиригача Ўзбекистон ҳудудидан салқин ҳаво чекинади, аммо бу кунларда кучли иссиқ бўлиши кутилмайди. Республиканинг кўпчилик ҳудудларида ҳаво ҳарорати кундуз кунлари +35…+38 даража атрофида, жанубда баъзи жойларда +39…+41 даражагача бўлади.

1−5 июль кунлари Ўзбекистон ҳудуди бўйича асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат Фарғона водийси вилоятларида, шунингдек, тоғолди ва тоғли ҳудудларда 1−2 июлда баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Шамол 7−12 м/с тезликда эсади, баъзи жойларда 13−18 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин. 1 июлда республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Пойтахтда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат 1−2 июлда кундуз кунлари +30…+33 даража, 3−5 июлда +35…+38 даража бўлади. Ҳарорат асосан кечалари +18…+23 даража бўлади.

Шамол шарқдан 3−8 м/с тезликда эсади, 1 июлда баъзи жойларда 12−14 м/с гача кучайиши мумкин.