Ўмон давлат Ўзбекистон фуқароларига мамлакатга 14 кун давомида визасиз бўлиб туриш тартибини жорий қилди, дея хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Мамлакатда мазкур муддатдан кўпроқ вақт мобайнида бўлишни истаган ўзбекистонликлар Ўмонга кириш пайтида аэропортнинг ўзида кириш визасини расмийлаштиришлари мумкин.

Ташқи ишлар вазирлигининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, янги қарор 14 июндан кучга кирган — шу куни Ташқи ишлар вазирлиги тегишли нота олган.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 26−27 июнь кунлари ушбу мамлакатга ташриф буюриб, дипломатик паспорт эгалари, шунингдек, шахсий ва хизмат паспортлари учун визасиз режим тўғрисидаги битим имзолаган.

Ўмон — жануби-ғарбий Осиёдаги араб давлати бўлиб, Саудия Арабистони, БАА ва Яман билан чегарадош. Шимолда Ўмон кўрфази, шарқ ва жанубда Арабистон денгизи билан ўралган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ўмонликлар учун 2021 йилнинг 1 мартидан бошлаб 10 кунлик муддатга визасиз режим жорий қилган.