Бош прокуратура Диана Иртуганованинг мурожаатларида келтирилган важлар асосида Чилонзор тумани прокуратураси томонидан қабул қилинган жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги қарори назорат тартибида ўрганмоқда. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар қилди.

2023 йил 13 сентябрь куни «Дунё бўйлаб» телеканалининг «Своими глазами» кўрсатуви бошловчиси Рамина Ягафарова 31 ёшида Тошкентда вафот этганди.

Ўшанда Бош прокуратура ўлимга «дорига аллергик реакция (левофлоксатсин), мия ва ўпканинг ўткир шиши, ўткир нафас олиш ва юрак-қон томир етишмовчилиги ҳамда анафилактик шок сабаб бўлганини маълум қилганди. Идора бу ОАВ учун дастабки маълумотлар асосида тайёрланган тезкор расмий изоҳ бўлганини қайд этди.

29 июнь куни «Газета.uz» суд-тиббий экспертиза хулосасига таяниб, Рамина Ягафарованинг ўлимига шифокорлар хатоси бўлиши мумкинлигини ёзган эди. Хусусан, ўлимнинг асосий сабаби нафас йўлларининг озиқ-овқат массалари билан тўсиб қўйилиши ва юборилган дори-дармонларнинг ножўя таъсири ўлимни тезлаштирган омиллардир, дейди мутахассислар.

Марҳумнинг синглиси Диана Иртуганова ва адвокат Шуҳрат Қаюмов берган маълумотларга кўра, Чилонзор туман прокуратураси жиноят ишини қўзғатишдан бош тортган. Қарор 15 октябрда яъни 13 сентябрда бошланиб, 1 ноябрда якунланган дастлабки суд-тиббиёт экспертизаси якунланишига икки ҳафта қолганда қабул қилинган.

«Чилонзор тумани прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текшириш натижасига кўра, марҳума Р.Ягафарованинг вафот этганлиги ҳолатида жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли, жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган. Ҳозирда Диана Иртуганованинг мурожаатларида келтирилган важлар асосида Чилонзор тумани прокуратураси томонидан қабул қилинган жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги қарори назорат тартибида ўрганилмоқда», — дейилади Бош прокуратура хабарида.