Ўзбекистонда таълим сифатини ошириш, мактабларни реконструкция қилиш ва янгиларини қуриш борасида улкан ишлар амалга оширилаётганига қарамай, санитария ва гигиена, ичимлик сув билан таъминлаш масалалари, афсуски, тўла ҳал этилаётганича йўқ. Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигининг Натижаларга эришиш офиси (Delivery Unit) томонидан «Газета.uz» учун махсус тайёрланган мақолада мактаблардаги таълим сифати, ўқувчилар саломатлиги ва давоматнинг ичимлик сув, санитария ва гигиена билан қанчалик боғлиқлиги ҳақида сўз боради.

«Ўзбекистон — 2030» стратегиясини 2024 йилда амалга оширишга доир Давлат дастурида маҳаллий ҳокимликлар зиммасига санитария-гигиена инфратузилмасини таъмирлаш зарурлигини аниқлаш мақсадида барча умумтаълим мактабларини қайта инвентаризациядан ўтказиш ва инвентаризация натижаларига кўра лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.

Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда мамлакатдаги 10 мингта умумтаълим мактабини инвентаризациядан ўтказди. Олинган маълумотлар қарор қабул қилиш учун фактик асосни шакллантириш имконини беради. Улар ўтган даврдаги тенденциялар ҳақида маълумотни ўз ичига олади ҳамда вазиятни яхшироқ тушуниш ва оқилона қарор қабул қилишга ёрдам беради. Маълумотлар, шунингдек, қабул қилинган стратегиялар ва чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш имконини беради. Маълумотларни таҳлил қилиш орқали нима амалда ишлаётгани, нимани тўғрилаш ёки ўзгартириш кераклигини аниқлаш мумкин. Таҳлил учун маълумотлар турли усуллар, жумладан, текширувлар, сўровномалар, аудитлар, техник ўрганишлар ҳамда статистик маълумотлар ва ресурслардан фойдаланиш бўйича ҳисоботларни таҳлил қилиш орқали тўпланиши мумкин.

Стратегик ислоҳотлар агентлигининг Delivery Unit жамоаси бутун мамлакат бўйлаб тўғридан-тўғри мактаблар маъмуриятларининг ўзидан маълумот тўплади. Биринчи навбатда, мактаб бинолари, томлари, электр таъминоти тизимлари, иситиш тизимлари, ошхоналар, фаоллар заллари, ҳожатхоналарнинг техник ҳолати, шунингдек, девор, пол, дераза ва эшиклар ҳолатига баҳо берилди.

Веб-сайт яратилди, кадастр маълумотларига кириш, сўровнома тўлдирувчиларни фамилияси, телефон рақами орқали текшириш ва мактабларни СТИР бўйича верификациядан ўтказиш тизими ишлаб чиқилди. Битта бинога эга мактаблар учун — 55 та савол, икки ва ундан ортиқ бинога эга мактаблар учун — кўпроқ (85 тагача) саволлар тайёрланди. Сўровнома тўлдирилгач, барча маълумотлар махсус базага тушади ва автоматик равишда харитада акс этади. Харитага уланиш учун GIS воситаларидан фойдаланилди, шундан сўнг маълумотлар визуализация қилинди ва ҳудудлар кесимида таҳлил қилинди.

Сўровномада Ўзбекистондаги барча умумтаълим мактаблари иштирок этди. Қуйидаги инфографикада 9442 та мактаб бўйича маълумотлар кўрсатилган. Маълумотларни йиғиш жараёни давом этмоқда. Ушбу мақолада офис тўпланган маълумотларнинг кичик бир қисмини қисқача таҳлил қилади.

Жадал мактаб қурилиши даврлари

ичимлик сув таъминоти, мактаблар, натижаларга эришиш офиси, санитария ва гигиена

Вилоятлар кесимида мактаблар қурилиши йиллари.

Мамлакатдаги энг эски мактаб 1871 йилда Андижон шаҳрида, Мустақиллик маҳалласида қурилган. Қурилишнинг энг фаол босқичларида 2006 йилдан 2009 йилгача — 1298 та мактаб ва 1984 йилдан 1989 йилгача — 1391 мактаб барпо этилган.

Санитария ва гигиена шароитларидан фойдаланиш имконияти

Аввало мактаблардаги «санитария ва гигиена» тушунчасига аниқлик киритиб олиш муҳим аҳамиятга эга. Бу контекстда у ичимлик сув ва қўл ювиш воситаларининг мавжудлиги, шунингдек, гигиеник талабларга жавоб берадиган ишлайдиган ҳожатхонани ўз ичига олади. Мактаб ҳожатхоналарини тоза сув, элементар санитария-гигиена шароитлари билан таъминлаш болаларга соғлом ҳаёт бошлаш ва ривожланиш имконини беради.

Сўровнома натижаларига кўра, сўровномада иштирок этган мактабларнинг 87 фоизида марказий канализация тизими мавжуд эмас.

ичимлик сув таъминоти, мактаблар, натижаларга эришиш офиси, санитария ва гигиена

Ҳатто янги ва реконструкция қилинган биноларда ҳам мактаб барча стандартларга (яхшиланган кенг ўқув хоналари, жозибали ташқи кўриниш ва замонавий жиҳозлар) жавоб бериши ва бино ичида ўқувчилар ва ўқитувчилар учун ҳожатхона жойлаштирилганига қарамай, бу ҳожатхоналар қулфланган. Натижада болалар ва ўқитувчилар кўп ҳолларда мактаб ҳовлисидаги элементар санитария ва гигиена талабларига жавоб бермайдиган ҳожатхоналардан фойдаланишга мажбур.

ичимлик сув таъминоти, мактаблар, натижаларга эришиш офиси, санитария ва гигиена

Санитария ва гигиена шароитларидан фойдаланиш имконияти.

Сув етишмаслиги муаммони янада чуқурлаштиради. Қўл ювиш ва ҳожатхоналарни ювиш учун сув таъминоти мавжуд бўлмаган ҳолда санитария ва гигиена шароитларини жорий этиш имконсиз. Тадқиқот давомида маълум бўлишича, мактабларнинг атиги 53 фоизи марказлаштирилган сув таъминотидан фойдаланиш имкониятига эга. Қолган 43 фоиз мактабларда қудуқлардан фойдаланилади (27 фоиз), сув ташиб келтирилади (11 фоиз) ёки сув умуман йўқ (9 фоиз). Натижада ўқувчилар орасида гигиенага риоя қилиш қийинлашади.

ичимлик сув таъминоти, мактаблар, натижаларга эришиш офиси, санитария ва гигиена

Ичимлик сув манбаларидан фойдаланиш имконияти.

Санитария-эпидемиология осойишталиги қўмитаси маълумотларига кўра, 2023 йилда мамлакатда вирусли гепатит А билан касалланиш 2022 йилга нисбатан икки бараварга ошган, айни пайтда касалланганлик ҳолатларининг 39 фоизи мактаб ёшидаги болаларда аниқланган. Бу касаллик сифатсиз сув таъминоти, ёмон санитария ва гигиена қоидаларига амал қилмаслик билан чамбарчас боғлиқ.

Маълумки, қўл ювиш фекал-оғиз йўли билан юқадиган вирусли жигар касаллиги бўлган гепатит А юқишининг олдини олишда муҳим рол ўйнайди. Бу вирус гепатит А билан касалланган одамнинг нажаси билан алоқа қилиш ёки ифлосланган сув ёки озиқ-овқат орқали юқиши мумкинлигини англатади. Гепатит А одамдан одамга осон юқиши сабабли қўлларни мунтазам ювиш бутун жамият саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим қадам ҳисобланади.

Бундан ташқари, сўровнома натижалари шуни кўрсатадики, сув таъминоти, санитария ва гигиена шароитларининг мавжуд эмаслиги нафақат болалар саломатлигининг ёмонлашишига, балки давоматга ҳам бевосита таъсир кўрсатади. Болаларнинг мактаб ҳожатхонасидан фойдаланишдан қочишига олиб келади, бу эса генитоурия касалликларига олиб келиши мумкин.

Мактаб раҳбарларининг 39 фоизи ҳожатхоналар ҳолатининг давоматнинг пастлиги билан бевосита боғлиқлигига ишончи комил эканлигини билдирган.

Мактабларда санитария шароитлари билан боғлиқ муаммоларнинг сабаблари ва оқибатлари

ичимлик сув таъминоти, мактаблар, натижаларга эришиш офиси, санитария ва гигиена

Тадқиқот ўтказиш ва таклифлар бериш учун санитария ва гигиена бўйича австралиялик мутахассис Марк Эллери жалб қилинди. У мактаблар учун янги ҳожатхоналарни лойиҳалаш ва мавжудларини янгилашнинг турли хил арзон вариантларини ишлаб чиқди.

Мутахассиснинг аниқлашича, муаммоларнинг асосий сабабларидан бири сув етишмаслиги ва мактаблар ичидаги ҳожатхоналарнинг нотўғри лойиҳалаштирилганлиги ҳисобланади. Хандақларнинг тез тўлиб қолиши ва ахлатни чиқариб ташлаш учун маблағ етишмаслиги, шунингдек, ёқимсиз ҳид туфайли мактаб маъмурияти ҳожатхоналарни ёпиб қўяди ва болаларни ҳовлида жойлашган, кўп ҳолларда қўл ювиш учун сув бўлмайдиган ҳожатхоналарга йўналтиради.

Ҳожатхоналар ичида ёқимсиз ҳиднинг олдини олиш учун бетоннинг пешоб билан алоқа қилишига қарши гидроизоляция ишламайди ва ахлатни йўқ қилиш (утилизация қилиш) тизимлари йўлга қўйилмаган, бу эса уларнинг тезда тўлиб қолишига олиб келади.

Болалар куннинг асосий қисмини ўтказадиган мактабларда тоза сув ва муносиб санитария шароитларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги кундек равшан. Бу тамойил кўпчилик мамлакатларда мактаблар фаолиятида асосий тамойиллардан бири ҳисобланади. Бироқ ҳатто пойтахт Тошкентда ҳам кўп мактабларда сув бўлса, совун йўқ.

Ўзбекистон мактабларда Three Stars (Уч юлдуз) тизими бўйича баҳоланадиган WASH асосий санитария ва гигиена стандартларига эришишга интилиши лозим. Ўқувчилар гуруҳи учун қўлларни ювишга шароит, озода ҳамда қизлар ва ўғил болалар учун алоҳида ҳожатхоналар, шунингдек, ичимлик сув билан таъминланган, санитария ва гигиена қоидаларини тарғиб қилиш мақсадида жамоатчилик вакилларини жалб қилган мактабларга — битта юлдуз; ўқувчилар ичимлик сувдан бемалол фойдаланиш, ҳожатхонадан фойдалангандан кейин қўлларини совун билан ювиш имкониятига эга бўлган, ўқувчилар учун қўшимча ҳожатхоналар мавжуд бўлган мактабларга — иккита юлдуз; ўқувчилар гигиена қоидаларига ўргатиладиган, ногиронлиги бўлган ўқувчилар учун санитария имкониятлари мавжуд бўлган ва мамлакатнинг барча мактабларида ягона WASH стандартларига амал қилинадиган ҳолда — учта юлдуз берилади.

ичимлик сув таъминоти, мактаблар, натижаларга эришиш офиси, санитария ва гигиена

Ўзбекистонда мактаблар етарли даражада молиявий ёрдам олмайди: масалан, мактабни сақлаш учун маҳаллий бюджетдан йилига ўртача 25 млн сўм маблағ ажратилади. Болалар учун асосий санитария ва гигиена шароитларини таъминлаш учун мактабларни молиялаштиришни қайта кўриб чиқиш ва унинг миқдорини ошириш зарур. Бундан ташқари, барча ҳудудлар сув таъминоти лойиҳаларида яқин атрофдаги барча мактабларни сув билан таъминлашни кўзда тутилиши лозим.

Ҳозирги вақтда Delivery Unit санитария ва гигиена бўйича навбатдаги лойиҳалар техник ҳисоботларини нашрга тайёрламоқда.

Ушбу мақола Стратегик ислоҳотлар агентлигининг Натижаларга эришиш офиси (Delivery Unit) томонидан тақдим этилган бўлиб, у 2026 йилга қадар соғлиқни сақлаш, мактаб инфратузилмаси ва ичимлик сув соҳаларида 12 та кўрсаткичга эришишга қаратилган. Мақсадлардан бири 1500 та мактабни яхшиланган инфратузилма, жумладан, ичимлик сув, қўл ювиш учун сув ва яхшиланган ҳожатхоналар билан таъминлаш билан боғлиқ.

Офис мунтазам равишда муҳим ташаббусларни жамоатчилик билан баҳам кўришни, уларни мулоқотга таклиф қилишни ва шарҳларда таклифлар алмашишни режалаштирмоқда. Delivery Unit томонидан тақдим этилган аввалги мақолалар билан қуйида танишиш мумкин.