«Газета.uz» 2024 йил 1 июлдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар рўйхатини тақдим этади. Дайжест Aдлия вазирлиги маълумотлари асосида тайёрланди. Қуйида уларни тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этамиз.

1. Фуқароларга процессуал ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашилади.

Бунда фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатишнинг қуйидаги тартиби жорий қилинади:

  • Адлия вазирлиги томонидан «Мадад» ННТ билан ҳамкорликда республиканинг барча туман ва шаҳарларидаги давлат хизматлари марказларида «Мадад» ННТнинг ҳуқуқий маслаҳат бюролари босқичма-босқич ташкил қилинади;
  • ҳуқуқий маслаҳат бюролари томонидан аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилади, шунингдек, низоларни судгача ва суд орқали ҳал этишда зарур бўладиган процессуал ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашилади.

2. Айрим давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий ҳужжатларни судгача кўриб чиқишнинг янги тартиби жорий этилади.

2026 йил 1 июлгача ҳуқуқий эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган айрим давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий ҳужжатларни судгача кўриб чиқишнинг янги тартиби жорий этилади.


3. ЭҲМлар учун дастур ва маълумотлар базаларини рўйхатдан ўтказишга доир талабномаларни давлат хизматлари марказлари орқали топшириш имконияти яратилади.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида:

  • электрон ҳисоблаш машиналари учун дастур ва маълумотлар базаларини рўйхатдан ўтказишга доир талабномаларни давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП (my.gov.uz) орқали топшириш имконияти яратилади;
  • интеллектуал мулк объекти рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи QR-код билан муҳофазаланган электрон ҳужжат бериш тартиби жорий этилади.

4. Давлат хизматларини кўрсатишда шахсни биометрик идентификация қилиш (Face ID) усули жорий қилинади.

Бунда:

  • Mobile ID тизимида фуқароларни идентификация қилиш уларнинг хоҳишига кўра ID карта ва хорижга чиқиш биометрик паспортини давлат хизматлари марказлари орқали расмийлаштириш жараёнида композит шаклда амалга оширилади;
  • аввал давлат рўйхатидан ўтказилган (давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисида гувоҳнома берилган ёки ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатга устхат ёзиш йўли билан тасдиқланган) ва ҳозир ҳам амалда бўлган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги маълумотларни электрон тарзда давлат реестрига киритиш ва бу ҳақида давлат реестридан кўчирма бериш бепул амалга оширилади;
  • нотурар жойларни бошқа шахсга ўтказишга оид битимларни расмийлаштириш битим томонлари давлат хизматлари марказига келган ва уларнинг шахси марказ ходими томонидан аниқлаштирилган ҳолда амалга оширилади ҳамда расмийлаштирилган битим бир вақтнинг ўзида давлат рўйхатидан ўтказиш учун кадастр органларига юборилади.

5. Айрим касалликка чалинганлар бепул даволанади.

Онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган 18 ёшдан 21 ёшгача бўлган (21 ёш ҳам киради) беморлар белгиланган тиббиёт марказларининг болалар гематологияси ва онкологияси бўлимларида, шунингдек, улар вояга етгунларига қадар ушбу касаллик бўйича тиббий ёрдам кўрсатган бошқа тиббиёт ташкилотларида бепул даволанишни давом эттиради.


6. «Шаффоф қурилиш» тизимида ёрдамчи пудрат ташкилотлари рўйхатга олинади.

«Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида автомобиль йўллари ва йўл иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашда қиймати 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлган лойиҳалар бўйича жалб қилинадиган ёрдамчи пудрат ташкилотлари рўйхатга олинади.


7. 6 та шаҳарда сув таъминоти хусусий секторга ўтказилади.

Тажриба тариқасида Когон, Ширин, Янгиер, Бекобод ва Янгийўл шаҳарларида ичимлик ва оқова сув таъминоти давлат-хусусий шериклик асосида хусусий секторга топширилади.


8. «Ижтимоий ҳимоя» АТда моддий ёрдам ва бошқа ижтимоий хизматларнинг ҳисоби юритилади.

Моддий ёрдам ва бошқа ижтимоий хизматларни ҳисобга олишнинг ягона тизимини яратиш орқали ҳар бир фуқаро (оила) учун белгиланган ижтимоий тўловлар, тақдим этилган имтиёзлар, шу жумладан, субсидиялар, хизматлар ва ёрдамларнинг ҳар бир фуқаро кесимида «Ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида ҳисоби юритилади, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ очилган давлат жамғармалари ва бошқа жамғармалар интеграция қилинади.


9. Давлат иштирокидаги йирик корхоналарда корпоратив котибият ташкил этилади.

Давлат иштирокидаги йирик корхоналарда корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш, жумладан, бошқарув органлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш учун кузатув кенгашига бўйсунадиган корпоратив котибият ташкил этилади.

Шунингдек, корпоратив бошқарувнинг янгиланган қоидалари ва ахлоқ кодекси жорий этилади.

Бундан ташқари, кузатув кенгашининг баённомаларини масофадан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон овоз бериш бюллетенлари орқали расмийлаштириш имконияти яратилади.


10. Хусусий бандлик агентликларига айрим хизматлар учун ҳақ ундиришга рухсат этилади.

Хусусий бандлик агентликларига хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган шахсларга Ўзбекистон ташқарисида ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатганлик учун ҳақ ундиришга рухсат этилади.


11. Маҳаллаларда дастурлар доирасида ажратилган кредитлар мониторинг қилинади.

Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ваколатли банклар билан биргаликда маҳаллаларда дастурлар доирасида ажратилган кредитлардан мақсадли фойдаланилиши мониторингини ва уларнинг самарадорлигини баҳолаш механизмини жорий этади.


12. Дорилар билан боғлиқ потенциал хавф-хатарларни тезкор аниқлашга қаратилган фармакологик назорат тизими ташкил этилади.

Бунда:

  • дори воситалари ва тиббий буюмларни тайёрловчи, улгуржи ҳамда чакана реализация қилувчи ташкилотлар аҳолини сифати, хавфсизлиги ва самарадорлиги кафолатланган дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш учун масъул бўлган ташкилот сифатида эътироф этилади ҳамда уларга нисбатан давлат назоратини амалга оширишнинг алоҳида қоидалари белгиланади;
  • дори воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ потенциал хавф-хатарларни тезкор аниқлаш ва уларга жавоб беришга қаратилган, халқаро стандартлар талаблари асосида фармакологик назорат тизими ташкил этилади;
  • дори воситалари ва тиббий буюмларни тайёрловчи, улгуржи ҳамда чакана реализация қилувчи ташкилотларда уларга берилган лицензия талабларига риоя этилишини бир йилда кўпи билан бир маротаба ваколатли органни хабардор этиш орқали назорат қилиш тартиби жорий этилади;
  • дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларни телерадиоканаллар орқали реклама қилиш учун ишлаб чиқилган контент Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган хулоса асосида эфирга узатилади;
  • янги ташкил этиладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар сақланадиган божхона омборлари ва эркин омборлар мажбурий равишда «Зарур сақлаш амалиёти — GSP» талабларига мувофиқ ташкил этилади.

13. Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари устав капитали миқдори оширилади.

Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фақат акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилиши ва фаолият кўрсатиши мумкин бўлади.

Шунингдек, устав капиталининг энг кам миқдори тўлов тизими операторлари учун 50 млрд сўм, тўлов ташкилотлари учун 10 млрд сўм эътиб белгиланади.


14. Қарз юки кўрсаткичи ўзгаради.

2025 йил 1 январга қадар қарз берувчи томонидан микроқарзлар ажратишда жисмоний шахснинг қарз юки кўрсаткичи 60% дан ошмаслиги керак.


15. IT йўналишида 1 млрд сўмгача грантлар ажратилади.

Рақамли технологиялар соҳасида IT таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили ўтказиладиган танлов асосида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки орқали қуйидаги позициялар бўйича 1 миллиард сўмгача грантларни ажратиш тизими жорий этилади:

  • истиқболли ғояга — 150 миллион сўм;
  • маҳаллий бозорга ихтисослашган лойиҳага — 300 миллион сўм;
  • жаҳон бозорига ихтисослашган лойиҳага — 1 миллиард сўм.

16. Йўл бўйидаги мактаблар олдида фоторадарлар ўрнатилади.

Йўллар бўйида жойлашган мактаблар олдида, камида 4 тасмали йўллардаги пиёдалар ўтиш жойларида ҳамда йўл-транспорт ҳодисалар ўчоқларида босқичма-босқич қоидабузарликларни аниқловчи махсус фотовидео қайд этиш воситалар ўрнатилади.

Мазкур воситалар «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» республика жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Қоидабузарликларни акс эттирувчи фотоматериаллар камида 730 кун, видеолар камида 90 кун сақланади.