Тошкент шаҳри Адвокатлар палатаси аъзоси Даврон Аҳмедов 29 июнь куни вазирлик ва идоралар вакиллари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқот чоғида адвокатурани ривожлантириш, адвокатларнинг терговчи ва прокурорлар билан тенглигини таъминлаш бўйича қатор таклифларни билдирди.

Унга кўра, терговчи божхона, солиқ ва бошқа давлат органлари маълумотларига кириш имконига эга, шунинг учун у сўров бўйича зарур маълумотлар ва ҳужжатларни тўплаши мумкин. Бироқ, масалан, адвокат 10 ой давомида терговда қатнашади, аммо ҳар доим ҳам тергов ҳужжатларидан фойдалана олмайди.

«Терговчи нима йиғди, нима қўйди, қанақа хулоса олди… билмаймиз. Тергов тугади дейлик 5 ойдан кейин, орада 10−15 кун вақт бўлади суд бошлангунга қадар, терговчи айб қарорини чиқаради, айблов хулосасини тасдиқлайди, айблов хулосасини беради, сизнинг вақтингиз бор, танишиб чиқинг, дейди… 10−15 кун ичида сиз терговчи 10−8−5 ой йиққан далилга қарши қандай далил йиғишингиз мумкин?.. Бу нотенглик… Жиноят-процессуал қонунчиликка ўзгартириш киритиш керак. Хориж давлатларида бор бу нарса: муайян тергов ҳужжатларига „доступ“ бериш керак адвокатга. Яъни у ўз вақтида уни олиши керак, танишиб чиқиши керак ва ўша олган ҳужжатларига қарши ўз далилларини йиғиши керак», — деди у.

Адвокатнинг эслатишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга адвокатлар талабларини эътиборсиз қолдирганлик учун давлат органларига нисбатан жарима солишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилган. Унинг фикрича, процедурани такомиллаштириш керак, чунки баъзи муассасалар тижорат, давлат ва бошқа сирларга асосланган маълумотларни тақдим этишдан бош тортмоқда.

«Ҳаттоки Давлат хизматлари агентлиги ҳам жавоб бермайди бизга… Бу ҳам муаммо, чунки адвокатлик фаолияти тўғрисидаги қонунларда ёзиб қўйибдики, адвокат давлат сири, тижорат сирини сақлайди, агар ноқонуний ошкор қилса, бу учун жавобгарлик белгиланган. Терговчида ҳам бор бунақа жавобгарлик, судда ҳам бор. Нега энди улар тергов учун олар экан-да, адвокатга бир хил жавобгарлик бор, лекин адвокатга тижорат сири ишлайди, банк сири ишлайди, давлат сири ишлайди?.. Натижада биз ўз вақтида маълумот ололмаймиз, кечикишга тўғри келади, хизмат кўрсатишимиз ва ҳуқуқий ҳимоя қилишимиз орқага чўзилади», — деди у.

Даврон Аҳмедов фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилишдаги муаммога ҳам тўхталиб ўтди.

«Жавобгар агар фуқаро бўладиган бўлса, унинг шахсга оид маълумотларини тақдим этиш керак судга — фамилияси, исми, шарифи, қаерда яшаши, паспорт нусхаси. Лекин оддий фуқарода, оддий тадбиркорда бўлмайди бу маълумот. Чунки „Форма 1“ ички ишлар органларида бўлади, прокуратурада, судда бўлади. Адвокатда „доступ“ йўқ. Биз биламиз жавобгарнинг исмини, фамилиясини. Шарифини ҳам билмаймиз, яшаш жойини ҳам билмаймиз. Бу тадбиркорга ҳам, адвокатларга ҳам ҳуқуқни ҳимоя қилиш учун судга беришга тўсиқ», — деди у.

Худди шундай муаммо давлат хизматчисига нисбатан даъво аризаси билан маъмурий судларга мурожаат қилганда ҳам юзага келади. У адвокатларга «Форма 1»га кириш имкониятини беришни таклиф қилди.

Адвокатлар палатаси вакили Давлат хизматлари агентлигининг илгари ҳимоячилар учун бепул бўлган пуллик хизматларидан ҳам шикоят қилди. Унинг фикрича, бу «адолатга бўлган «доступ»ни чеклайди».

«Охирги 4−5 йил ичида қонунчиликка ўзгартиришлар киритилди ва Давлат хизматлари агентлигидан маълумот олиш ҳам пуллик бўлиб қолди. Қани энди тенглик бу ерда агар терговчи билан суд битта ажрим билан хоҳлаган нарсасини олса? Адвокат адвокатлик сўрови юборади, кейин жавоб қайтаради, пулини тўланг дейди, бориб пулини тўлайсиз, ундан кейин хизматни қабул қиласиз. Маълумот олиш ҳам пуллик бизга», — деди у.

Даврон Аҳмедов суд жараёнларини оммавий ахборот воситаларида ёритиш муаммосини ҳам кўтарди.

«Хорижий мамлакатларида, биз кўрганмиз, тартибга солинган бу нарса, бугунги кунда бизда тартибга солинмаган. Бир хил ҳолатда суд хоҳласа, рухсат беради киришга, видеога олишга, тасвирга олишга, кўрсатишга, бир хил ҳолатда рухсат бермайди. Яъни бунинг ягона регламенти бўлиши керак ёки Олий суд Плениуми қарори бўлиши керак қайси ҳолатларда қандай қилиб олиш мумкин, нимани олиш, нимани ёритиш мумкинлиги ҳақида», — деди у.

Адвокатнинг қайд этишича, суд мажлисига адвокатларга телефон олиб кириш тақиқланган, айблов томони эса мобил қурилмалардан бемалол фойдаланаётган ҳолатлар ҳамон учрамоқда.

Шунингдек, у судларда видеоконференцалоқа тизими фақат Android тизимида ишлашини айтди. Адвокат iOS учун версияни ишлаб чиқиш орқали дастурни унификация қилишни таклиф қилди.