Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида яшаш уйида гиёҳванд модда ўстираётган фуқаро ушланди, деб хабар бермоқда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати.

29 июнь куни «Қорадори-2024» тадбирида Туягум маҳалласида яшовчи А.К.нинг (1971 йилда туғилган) яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилган.

Унда аниқланишича, у уйидаги экин майдонида 13 туп марихуана гиёҳванд ўсимлигини парваришлаб келган.

Шунингдек, А.К. 10 дона 3 литрли идишда 12 кг 537 гр кўкнори бошоқлари, 2 дона 3 литрли идишда 2 кг 570 гр марихуана моддаси, оқ полиэтилен пакетда 41 гр гашиш гиёҳвандлик моддаси ҳамда оқ полиэтилен қопда 22 кг 550 гр кўкнори сомони сақлаб келаётгани аниқланган.

Жами олинган гиёҳванд моддалар миқдори 37 килограммдан зиёдни ташкил қилган. Ушбу далилий ашёлар тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.