Kun.uz нашрида Бухоро вилоятида 16 ёшли бола ва 17 ёшли қизнинг никоҳ тўйи бўлгани ҳақида материал эълон қилинганди. Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова ҳолат кузатувга олинганини маълум қилди.

Аниқланишича, 29 июнь куни Бухоро шаҳрида оилаларнинг ўзаро келишуви асосида 2008 йилда Шофиркон туманида туғилган А.А. (ўғил бола) ва 2007 йилда Қоракўл туманида туғилган Р.Н.нинг (қиз бола) никоҳ тўйи бўлиб ўтган.

Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилди, деб таъкидлади болалар омбудсмани.

Унинг қўшимча қилишича, 2 июль куни вояга етмаганларнинг ота-оналарини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47−3 моддаси (Никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш) билан маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан ҳужжатлар судга юборилган.

Сурайё Раҳмонова Оила кодексининг 15-моддасига асосан, никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун 18 ёш этиб белгиланганини эслатди.

«Бу қонуний талабнинг бузилиши боланинг таълим олиш, соғлиғини сақлаш ҳамда жисмоний, ақлий ва маънавий уйғун равишда камол топиш ҳуқуқларига мутлақо зиддир», — дея таъкидлади у.