4 та вилоятда электр тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Урганч туманида фаолият юритувчи V.B. корхонаси кўздан кечирилган. Натижада МЧЖ раҳбари Б.Р. хўжалик ер майдонларини суғориш учун сув насосларини тармоққа электр ҳисоблагичдан ташқари яширинча улаб, жами 2,2 миллиард сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Бошқа ҳолатда департаментнинг Бухоро вилояти бошқармаси ва ҳудудий ЭТК ходимлари ҳамкорлигида назорат тадбири ўтказилган. Унда U.B. фермер хўжалиги раҳбари У.Р. юқоридаги каби ҳолат содир этиб, 223,5 миллион сўм зарар етказгани маълум бўлган.

Самарқанд вилояти Қўшработ туманида ҳам N.U. ва Q.D. фермер хўжалиги раҳбарлари суғориш учун сув насосларини ўзбошимчалик билан тармоққа улаб, жами 215,3 миллион сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланган. Фарғона туманида эса фермер хўжалиги ва автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси масъуллари 146,2 миллион сўмлик зарар келтирган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, душанба куни президент энергия самарадорлигини оширишга доир йиғилиш ўтказди ва унда энегрия истеъмолида ўғирликлар кўпайганини таъкидлади. У буни ноқонуний уланишларнинг олдини олиш билан эмас, оқибатига қарши курашилаётгани билан изоҳлади. Энергия сарфини қатъий назорат қилиш, масъуллар жавобгарлигини ошириш зарур, деди у.