Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри электр таъминоти корхонаси бошлиғи тадбиркордан 90 млн сўм олишда гумонланмоқда, дея хабар берди Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Давлат хавфсизлиги хизмати ходимлари билан ўтказилган тезкор тадбирда ЭТК бошлиғи Д.Н. корхона муҳандиси вазифасида ишлаган даврида «Г.С.К.» МЧЖнинг электр таъминотидан 202,5 млн сўм қарздорлигини камайтириб беришини айтган.

Эвазига МЧЖ назоратчиси А.Г.дан 90 млн сўм олган. Ушбу пул ҳисобидан 3 млн сўмни фуқаро У.М. орқали қайтарган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, дейилади хабарда.

Аввалроқ Тошкентда «Чилонзортумангаз» ходими ва етакчи муҳандиси 25 млн сўм олаётган вақтида ушланганди. Улар тадбиркорга газ учун тўловда аниқланган камчиликлар юзасидан чора кўриш бўйича ҳужжат расмийлаштирмасликни ваъда қилган.