ЦАХАЛ (Исроил мудофаа кучлари) ҳарбий раҳбарияти Ғазо секторида, ҳатто ҲАМАС ҳозирча ҳокимиятда қолса ҳам, ўт очишни тўхтатишни истайди, деб ёзмоқда The New York Times (NYT) мамлакатнинг амалдаги ва собиқ хавфсизлик амалдорларига таяниб.

Газета суҳбатдошларига кўра, генералларнинг фикрича, сулҳ Ғазода ҲАМАС қўл остидаги тирик ва ўлик 120 нафар гаровга олинганларни озод қилишнинг энг яхши йўли бўлади.

Ҳарбийлар, шунингдек, Исроил қуролли кучларига октябрь ойидан буён Исроил билан «асталик билан курашиб келаётган» Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи билан тўқнаш келган тақдирда, тикланиш учун вақт керак, деб ҳисоблайди. Аввалроқ Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Ливан билан чегарага қўшинлар ўтказилишини истисно этмаган эди.

NYT манбаларига кўра, ХАМАС билан сулҳ «Ҳизбуллоҳ» билан келишувга эришишни осонлаштириши мумкин — гуруҳ Ғазо секторидаги жанглар тўхтамагунча Исроил ҳудудига ҳужум қилишда давом этишини маълум қилган.

Нашрнинг таъкидлашича, ҳарбийларнинг ўт очишни тўхтатишга бўлган муносабати уларнинг тафаккуридаги сўнгги ойлардаги «катта ўзгаришларни» акс эттиради, чунки Нетаньяху урушдан кейинги режани тузишдан ёки уни амалга ошириш мажбуриятини ўзига олишдан бош тортиши аниқ бўлди. «Бу қарор моҳиятан анклавда ҳокимият бўшлиғини юзага келтирди ва аскарларни Ғазонинг аллақачон ҲАМАС жангариларидан тозаланган қисмларига қайтишга ва жанг қилишга мажбур қилди», — дейилади материалда.

«Ҳарбийлар гаровдагиларни қайтариш ва ўт очишни тўхтатиш келишувини тўлиқ қўллаб-қувватлайди, — деди Исроилнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Эяль Ҳулата. — Улар Ғазодаги пауза Ливанда кескинликни пасайтириши мумкинлиги эҳтимолини оширишини тушунади. Уларнинг ўқ-дорилари, эҳтиёт қисмлари, энергиялари аввалгига қараганда камроқ — шунинг учун ҳам улар Ғазодаги пауза „Ҳизбуллоҳ“ билан каттароқ уруш бошланса, тайёргарлик кўришимиз учун кўпроқ вақт беради, деб ўйлайди».

NYT суҳбатдошларига кўра, Ғазода Исроил режалаштирмаган уруш бошланганидан деярли тўққиз ой ўтиб, мамлакатда ўқ-дорилар, мотивация ва ҳатто аскарлар етишмаяпти. Исроил армиясида снарядлар ва ҳарбий техника учун эҳтиёт қисмлар тақчиллигини нашрга беш нафар амалдор ва зобит тасдиқлади. Газетанинг қайд этишича, Ғазодаги уруш сўнгги 40 йил ичида Исроил иштирокидаги энг шиддатли можарога айланди.