Хоразм вилояти Урганч туманининг собиқ мансабдорлари ер бериш тартибини бузгани аниқланди, деб хабар бермоқда вилоят прокуратураси.

Хабарда айтилишича, президентнинг тегишли фармонида суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари махсус муҳофазага олингани, уларнинг қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадларда, шу жумладан, саноат ва фуқаролик объектлари (бинолар ва иншоотлар) қурилиши учун ажратилишига йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган.

Шундай бўлса-да, Урганч тумани ҳокимлигининг ер участкалари бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссияси собиқ мансабдор шахслари ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, 41 балл бонитетли 1,5 гектар суғориладиган экин ер майдонини савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиши учун фойдаланишдан чиқарган. Бу учун туман ҳокимининг ноқонуний қарори қабул қилинишига эришиб, ер бериш тартибини бузиб, давлат ва жамоат манфаатларига жиддий зиён етказган, дейилади хабарда.

Шунингдек, улар 15 минг квадрат метр қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларида нотурар жой объекти қурилишига рухсат берган. Урганч шаҳри бош режасида йўл ҳудудида объектлар жойлаштириб бўлмаслиги белгиланганига қарамай, объектнинг ихтисосини ўзгартиришга ноқонуний рухсатнома берган.

Оқибатда мазкур 14,2 минг квадрат метр ер майдонида турар жойлар қурилиб, сотиб юборилган ҳамда давлат ва жамоат манфаатларига 756 531 000 сўм зарар етказилган.

Ушбу ҳолатлар бўйича Урганч тумани ҳокимлигининг ер участкалари бериш масалаларини кўриб чиқиш бўйича собиқ комиссия мансабдор шахслари, туман қурилиш бўлими собиқ бошлиғи ҳамда бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 229−4-моддаси 2-қисми «б» банди (Суғориладиган ерларнинг қишлоқ хўжалиги оборотидан чиқишига сабаб бўлган ер бериш тартибини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Вилоят прокуратураси тергов ҳаракатларини бошлади.