Пойтахтдаги барча янги автобуслар салони кондиционер билан жиҳозланганига қарамай, ижтимоий тармоқларда мазкур жамоат транспортидаги иссиқ муҳитдан норози йўловчиларнинг хабарлари пайдо бўлмоқда. «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти (ТШТҲ)нинг Йўловчи транспорти ҳаракати таркибини модернизациялаш ва технологик қайта жиҳозлаш бўлими бошлиғи Саидмаҳмуд Тошкенбоев «Газета.uz»га ҳайдовчилар кондиционерларни қайси вақтда ёқиши ва салондаги ҳарорат қандай бўлиши кераклиги ҳақида маълумот берди.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, бу йил жазирама эрта келган. Шу сабабли 20 май куни ТШТҲ томонидан автобус паркларига соат 8:00 дан 19:00 гача кондиционерни ёқиш бўйича кўрсатмалар берилган. Бундай ҳолда салон ичидаги ҳарорат 26 даражадан ошмаслиги керак. Бу кексалар ва болалар учун оптимал ҳарорат, дея таъкидлади Саидмахмуд Тошкенбоев.

«Баъзи истисно ҳолатларда кондиционерни соат 19:00 дан кейин ҳам ёқиш мумкин. Масалан, йўловчилар кўплиги туфайли салонда тиқилинч вазият юзага келса, ҳайдовчилар совитиш тизимини ёқишлари мумкин», — дея қўшимча қилди у.

Саидмаҳмуд Тошкентбоевнинг айтишича, баъзи йўловчилар салондаги ҳарорат жуда пастлигидан шикоят қилади — баъзида ҳайдовчилар ҳаво ҳароратини +17 даражага туширишади. Автобуслардаги совитиш тизими шундай тузилганки, салондаги ҳарорат +26 даражадан паст бўлса, кондиционерлар автоматик тарзда ўчади.

Кондиционерларнинг белгиланган вақтларда ёқилмаганини кўрган йўловчилар ТШТҲнинг 1062 ишонч телефонига мурожаат қилишлари мумкин.

«Агар ҳайдовчи кондиционерни ёқмаса, йўловчилар қўнғироқ қилиб, автобус рақамини айтиши мумкин. Шундан сўнг ҳайдовчига нисбатан чора кўрилади», — деди Саидмахмуд Тошкенбоев.

Унинг қўшимча қилишича, агар бошқа муаммолар туфайли совитиш тизими ишламаётган бўлса, автобус носозликлар бартараф этилгунга қадар автобуслар паркига қайтарилади.