Шавкат Мирзиёев 3−4 июль кунлари амалий ташриф билан Остона шаҳрида бўлади, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Президент Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ва «ШҲТ плюс» форматидаги учрашувда иштирок этади.

Саммит кун тартибидан ШҲТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва ташкилот фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари ўрин олган. Халқаро ва минтақавий ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари ҳам кўриб чиқилади.

Йиғилиш якунида Остона декларацияси ҳамда иқтисодиёт, хавфсизлик, экология, энергетика, туризм ва бошқа кўплаб йўналишларда шерикликни кенгайтириш бўйича ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган, дейилади хабарда.

Ташриф доирасида Ўзбекистон етакчиси хорижий делегациялар раҳбарлари билан қатор икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказади.