Ҳукумат 2024 йилда газ субсидиялари учун Ўзбекистон давлат бюджетидан 9,5 триллион сўмдан кўп бўлмаган маблағ ажратилишини кафолатлаган. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев Расул Кушербаевнинг подкастида маълум қилди.

2023 йилда табиий газнинг ўртача харид баҳоси (бозор баҳоси бўйича) ва ички бозорда сотиш (тартибга солинадиган тарифлар бўйича) ўртасидаги тафовутни қоплаш учун Давлат бюджетидан 17,99 триллион сўм ажратилган (дастлаб 12,4 триллион сўм ажратилганди). Хусусан, Ўзбекистон хорижий компаниялар билан қўшма лойиҳалар асосида экспортга мўлжалланган газни экспорт нархларида сотиб олиб, кейинчалик ички бозорда сотиш учун импорт қилган.

2024 йилда 1 майдан бошлаб газ тарифларини ошириш ҳисобига субсидиялар миқдорини 9,5 триллион сўмгача камайтириш режалаштирилган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳисоботидан маълум бўлишича, май ойи якунига кўра 8,06 триллион сўм ёки бутун йил давомида режалаштирилган ҳажмнинг 84,8 фоизи йўналтириб бўлган.

«Ноябрь ойида бюджет муҳокамаларида нега 9,5 триллион сўмлик субсидия йўналтирилгани, унинг ҳажми нега камайтирилгани ҳақида сўрагандик. Шундан сўнг ҳукумат ишчи гуруҳ доирасида апрель-май ойларида жисмоний шахслар учун тарифларни ошириш режаларини айтишганди. Улар биринчи чоракда [газ нархини] субсидиялаш кўзда тутилганини ва нарх ошганидан кейин субсидияларга ҳожат йўқлигини айтишди», — деди Дониёр Ғаниев.

Парламент аъзосининг сўзларига кўра, биринчи чоракда 9,5 триллион сўмдан 8 триллион сўми ўзлаштириб бўлинган, «бу билан режа 100 фоизга бажарилган», қолган 1,5 триллион сўм тўртинчи чоракда (октябрь-декабрда) ўзлаштирилиши режалаштирилган.

«Менда савол туғилди: аллақачон максимал [прогноз қилинган] сумма сарфлаб бўлинди, аммо соғлиқни сақлаш ва олий таълим соҳасида ҳали пул ишлатилмади, ўзлаштириш 85−90 даражасида қолмоқда. Тендерлар, жиҳозлар етказиб беришнинг кечикиши… бу маблағларга тегилмаслигини айтишди», деди у.

Ғаниевнинг таъкидлашича, ҳукумат аъзолари газни сотиб олиш ва сотиш ўртасидаги нархлардаги фарқни қоплаш учун давлат бюджетидан қўшимча миқдорда субсидия ажратилмаслигини, яъни миқдори режалаштирилган 9,5 триллион сўмдан ошмаслигини таъкидлаган.

Электр энергиясининг асосий қисми (учдан икки қисми) юридик шахслар (компаниялар, фабрикалар, ташкилотлар) томонидан истеъмол қилинади, аҳоли улуши қарийб 30% ни ташкил қилади. Шу билан бирга, юридик шахслар учун газ ва электр энергияси тарифлари ўтган йилнинг 1 октябридан оширилган.

«Мантиқан олганда, ўтган йили газ субсидияларига қарийб 18 триллион сўм сарфланган бўлса, бунинг учдан бир қисми, яъни 6 триллион сўмга яқини жисмоний шахслар учун етарли бўлиши керак. Шу саволни берганимизда, „Ҳа, шунақа бўлиши керак, лекин ўтган йили нархлар бошқа эди, бу йилдан таннархлар ошиб кетди“, — дейишди. Улар 2023 йилги бюджетни режалаштираётганда электр энергияси нархи 1 кВт/соат учун 800 сўм этиб белгилангани, 2024 йилдан эса 1000 сўмга кўтарилганини айтишди. Мен бюджетнинг ичларини кўра олмайман, биласиз, улар (ҳукумат — таҳр.) уни тийин тийинигача очиб бера олмайди. Биз бу жавобни тўғри деб олишга мажбурмиз», — деди депутат.

Депутат Дониёр Ғаниев электр энергияси таннархини шакллантириш бўйича аниқ ҳисоб-китоблар йўқлигини таъкидлади. «Ҳозир биз нархларни гўёки таннархгача олиб келяпмиз, лекин бундай шаффофлик йўқ тизим билан таннархлар яна икки баробар ошиб кетмаслигига ким кафолат беради?» — деди у.

2022 йил июнь ойида Расул Кушербаев Ўзбекистон маҳаллий ва хорижий компаниялардан сотиб оладиган газ нархларини маълум қилганди. У хориж корхоналари нархларининг юқорилигидан норозилигини билдириб, бундай ҳолат «ватанидан кўра пулни кўпроқ яхши кўрадиган айрим амалдорларнинг қилмишлари» туфайли юзага келганини таъкидлаганди.

Ўзбекистонда икки йил ичида давлат бюджетидан ажратиладиган субсидиялар миқдори беш бараварга — 5,63 триллион сўмдан 29,25 триллион сўмгача (2,5 миллиард доллар) ошган. 2023 йил якунига кўра, 18 трлн сўм газ сотиб олиш ва сотиш ўртасидаги фарқни қоплашга, 1,02 трлн сўм геология-қидирув ишларига сарфланган.