Ижтимоий тармоқларда маҳаллий кийим брендининг маданият вазири Озодбек Назарбеков иштирокидаги реклама ролиги тарқалди. Рақобат қўмитаси ҳолат назоратга олинганини маълум қилди.

Хабарда айтилишича, вазирнинг реклама ролигида иштирок этгани кенг жамоатчилик томонидан қонунбузилиш ҳолати сифатида баҳоланмоқда.

«Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг асосий вазифаларидан бири мамлакатимизда реклама соҳасига оид қонунчиликни назорат қилиб бориш ҳисобланади», — деб ёзди қўмита.

Ҳолат юзасидан «Реклама тўғрисида»ги қонун доирасида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Қайд этиш жоиз, ушбу қонуннинг 16-моддасига кўра, товар давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан маъқулланганлигини кўрсатиш тақиқланади.