Ҳукумат қарори билан қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини суғурталашда суғурта мукофотининг бир қисми учун субсидия ажратиш тартиби белгиланди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Тегишли низомга кўра, қишлоқ хўжалиги субъектларига қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини суғурталашда суғурта мукофоти учун тўлов харажатларининг 50 фоизини, бироқ суғурта суммасининг 4 фоизидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун давлат бюджетидан субсидия ажратилади.

Суғурта қилдирувчи субсидия олиш мақсадида «Агроплатформа» ахборот тизимида рўйхатдан ўтади ва қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда мурожаат қилади:

  • суғурта шартномаси;
  • ️суғурта полиси;
  • суғурта шартномасида қайд этилган суғурта мукофотининг тўлиқ тўланганини тасдиқловчи тўлов топшириқномаси ва ҳисоб-фактура.

Суғурта қилиш назарда тутилган суғурта қилдирувчининг қишлоқ хўжалиги экинлари CropAgro АТга электрон жойлаштирилган бўлиши лозим.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 3 иш куни ичида субсидия ажратиш ёки ажратмаслик юзасидан хулосани тайёрлайди ва тасдиқлайди.

Субсидия ажратишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

  • суғурта қилдирувчининг ўз аризасига асосан;
  • белгиланган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганда;
  • суғурта қилдирувчи томонидан сохта ҳужжатлар, нотўғри ёки ёлғон маълумотлар тақдим этилганда;
  • қишлоқ хўжалиги субъекти тугатилганда.

Суғурта қилдирувчига субсидия ажратишни бошқа асослар билан рад этишга йўл қўйилмайди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил сентябрида имзоланган президент фармонида 2024 йил 1 январдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга ҳосилни суғурталашда суғурта мукофотининг 50 фоизи миқдорида субсидия бериш тартиби жорий этилиши белгиланган эди.

Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов нега суғурта компаниялари қишлоқ хўжалигини суғурта қилишдан қўрқишини айтганди. Унинг фикрича, бунга мамлакатдаги суғурта тизими тўлиқ ривожланмагани сабаб бўлмоқда.

«Нима учун банклар қишлоқ хўжалигини молиялаштирмайди? Мен сизга собиқ банкир сифатида жавоб бераман. Улар қўрқишади, чунки рисклар юқори. Улар бизнинг суғурта тизимимиз тўлиқ ривожланмагани учун ҳам шундай ҳаракат қилишади. Суғурта компаниялари эса иқлимни олдиндан башорат қилиб бўлмагани туфайли қишлоқ хўжалигини суғурта қилишдан қўрқади. Рақамлаштириш яхшироқ прогноз қилишга ёрдам беради, бу эса суғурталаш ҳамда банклардан молия жалб қилиш жараёнига ижобий таъсир қилади», — деганди у.