Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри судининг 3 июль куни бўлиб ўтган апелляция инстанцияси мажлисида Ҳиндистоннинг Marion Biotech компаниясининг «Док-1 Макс» сиропи бўйича биринчи инстанция ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди, деб ёзмоқда «Дарё». Суд мажлисида 7 нафар судланувчининг шикояти қаноатлантирилмади.

Нашрнинг ёзишича, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг судланган собиқ директори Сардор Кариевнинг онаси Мунира Кариева томонидан тўланган 2,5 миллиард сўм пул ҳалок бўлганларнинг вакиллари ва жабрланувчи болалар ўртасида тенг тақсимланади.

26 февраль куни суд Сардор Кариевни 18 йилга, унинг ўринбосарларини 16 йилга, Ҳиндистон фуқароси бўлган Quramax дори-дармон импорт компаниясининг собиқ директорини 20 йилга озодликдан маҳрум қилганди.

Суд судланувчилардан «Док-1 Макс» ва «Амбронол» препаратларидан заҳарланиб, ҳалок бўлган 68 нафар ва жабрланган 16 нафар боланинг оилаларига 75,6 миллиард сўм маънавий зарар ундиришни белгилаганди. Бундан ташқари, суд Quramax томонидан мансабдор шахсларга берилган пора миқдорини давлат фойдасига ундиришга қарор қилган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри суди 2023 йил августидан Ўзбекистонда Marion Biotech дори воситалари, жумладан, «Док-1 Макс» сиропини истеъмол қилган камида 68 нафар боланинг ўлими билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқишни бошлаганди. Судда 23 киши (18 эркак ва 5 аёл) иштирок этди.

Газета.uz «Док-1 Макс» иши кўрилган суд залидан тайёрланган хабарларни ҳаволага тўплаган.