2 июль куни Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ва Япония элчиси Хатори Такаши беғараз ёрдам доирасида амалга оширилаётган 1 млрд иеналик (6,262 млн доллар) «Иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш дастури» бўйича алмашинув ноталарини имзолади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистонга компьютер томографияси сканерлари, ультратовуш, рентген аппаратлари билан жиҳозланган қўшимча 4 та тиббий мобил контейнер етказилади. Бу билан республика бўйлаб самарали тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятлари яхшиланиши таъкидланди.

Компьютер томографияси сканерлари қатор касалликларни аниқлашда муҳим ҳисобланади. Мобил тиббий контейнер ҳар қандай жойда, жумладан, фавқулодда вазиятларда ҳам хизмат кўрсатиши мумкин.

Фото: Япония элчихонасиФото: Япония элчихонаси

«Ушбу дастур чекка ҳудудлар аҳолисининг тиббий хизматлардан фойдаланишини осонлаштириши, соғлиқни сақлаш ва тиббий хизмат кўрсатиш тизимини мустаҳкамлаши, шунингдек, Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига ҳисса қўшиши кутилмоқда», — дея қайд этди Япония элчихонаси матбуот хизмати «Газета.uz».

2022 йилда Япония Ўзбекистонга тиббий контейнер ва томография учун сканерлар топширганди.