АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис амалдаги давлат раҳбари Жо Байден сайловолди пойгасидан чиқишга қарор қилса, унинг ўрнига энг яхши муқобил номзод ҳисобланади, деб ёзди Reuters Байден кампаниясидаги етти юқори мартабали манба, Оқ уй ва Демократик партия миллий қўмитасига таяниб.

Байденнинг республикачи рақиби Дональд Трамп билан биринчи дебатдаги фалокатли чиқиши Демократик партия ичида танқид бўрони ва ваҳимага сабаб бўлди. Кўпгина демократлар Байден иккинчи муддатга «нолойиқ» бўлиши мумкинлигидан қўрқмоқда.

Бироқ дебатдан сўнг Байденнинг сайловолди кампанияси сиёсатчи президентлик пойгасидан воз кечиш ниятида эмаслигини билдирди.

Ҳаррисдан ташқари, баъзи нуфузли демократлар Байденга бошқа муқобил вариантларни, жумладан, Калифорниядан Гэвин Ньюсом, Мичигандан Гретхен Уитмер ва Пенсильваниядан Жош Шапиро каби машҳур демократ губернаторларни таклиф қилди. Аммо, агентлик манбаларига кўра, «Ҳаррисдан ўтишга уриниш — хомхаёл ва деярли имконсиздир».

Reuters манбаларининг таъкидлашича, агар 59 ёшли Ҳаррис партиядан номзод бўлса, у Байденнинг сайловолди кампанияси натижасида йиғилган маблағларни ва «унинг инфратузилмасини мерос қилиб олади». Уларнинг таъкидлашича, Ҳаррис, шунингдек, номзод сифатида жиддий кўриб чиқилиши мумкин бўлган демократлар орасида энг катта ном ва энг юқори рейтингга эга.

Бундан ташқари, вице-президент лавозимини эгаллаган биринчи аёл (ва биринчи қора танли) Ҳаррисдан ўтишга уринишлар қора танли ва аёл сайловчиларнинг норозилигига сабаб бўлади, деди бир неча демократ стратеглар.

Reuters ва Ipsos тадқиқот агентлиги 2 июль куни ўтказган сўровномада Ҳаррис Трампдан бир фоиз пунктга, яъни 42−43 баллга ортда қолди. Бу статистик жиҳатдан Байденникидек кучли, дея таъкидлади нашр.

Ҳарриснинг ўзи Байден дебатидан сўнг амалдаги президентни ҳимоя қилиб чиқди. «Бу секин бошланиш, аммо кучли якун бўлди», — деди у CNN`га. Сиёсатчи, шунингдек, сайловлар мунозара услубига эмас, балки «моҳият»га боғлиқ бўлиши кераклигини таъкидлади.

The New York Times манбаларига таяниб ёзишича, Байден ўзи дуч келаётган муаммодан хабардор ва кейинги чиқишлари яхши ўтиши кераклигини тушунади. Нашрнинг ёзишича, Байден ўзининг асосий маслаҳатчисига агар яқин кунларда жамоатчиликни қайта сайланишга тайёр эканига ишонтира олмаса, номзодини сақлаб қола олмаслигини айтган.

Бир кун аввал Байден Трампга қарши баҳс муваффақиятсиз якунланганини тан олганди, бироқ буни июнь ойида икки хорижий сафари — Франция ва Италиядаги чарчоқ билан изоҳлади.

«Гап шундаки, биласизми, мен унчалик ақлли эмас эдим. Мен мунозарадан олдин… 100 га яқин вақт минтақасини қамраб олган ҳолда бир неча марта дунё бўйлаб саёҳат қилишга қарор қилгандим. Мен ходимларимга қулоқ солмадим, қайтиб келдим ва саҳнада деярли ухлаб қолдим», — деди Байден.

«Бу узр эмас, балки тушунтириш», — дея қўшимча қилди у.

Reuters агентлигининг қайд этишича, Байден сўнгги сафаридан 15 июнь куни қайтган ва баҳс олдидан сўнгги ҳафтада Кэмп-Дэвид қароргоҳида қизғин тайёргарлик кўрган.

  • Байден ва Трамп ўртасидаги илк сайловолди дебати 27 июнь куни Жоржия штатининг Атланта шаҳридаги CNN студиясида бўлиб ўтди. Телеканал томошабинларининг 67 фоизи республикачи, 33 фоизи эса демократ ғалаба қозонганига ишонган.
  • АҚШда президентлик сайловлари 5 ноябрь куни бўлиб ўтади. Байден ва Трамп бу лавозимга асосий даъвогарлар бўлиши кутилмоқда.