Қозоғистоннинг Остона шаҳрига амалий ташрифи доирасида Шавкат Мирзиёев 3 июль куни Хитой раиси Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув аввалида Мирзиёев «Ўзбекистондаги ортга қайтмас ислоҳотларни қатъий қўллаб-қувватлаётгани ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратаётгани» учун Хитой раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Хабарда айтилишича, ҳукуматлар, парламентлар, ташқи сиёсат ва тармоқ идоралари даражасидаги алоқалар сезиларли даражада фаоллашган. Йил якунига қадар ТИВ раҳбарлари стратегик мулоқотининг иккинчи йиғилишини Тошкент шаҳрида ўтказиш режалаштирилган. Яқин кунларда Хитой парламентининг юқори даражадаги делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда.

Давлатлар раҳбарлари ўтган йили 14 миллиард долларга етган товар айирбошлаш ҳажмини 20 миллиард долларга етказиш имкониятларини кўриб чиқди.

«Инвестиция лойиҳаларининг жорий портфели 50 миллиард доллардан ошган. Шу йил бошидан буён мамлакатимизда 3 миллиард доллардан зиёд Хитой сармояси ўзлаштирилиб, 500 дан ортиқ янги қўшма корхона ташкил этилди», — дейилади хабарда.

Томонлар инфратузилма, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва «яшил» энергетика соҳаларида стратегик ҳамкорлик дастурларини қабул қилишни жадаллаштиришга келишиб олди.

Яқинда Жиззах вилоятида Ўзбекистон-Хитой технопарки ишга туширилгани ва минтақада илк бор BYD электромобиллари ишлаб чиқарила бошлангани қайд этилди.

Раҳбарлар ҳудудлараро алмашинувлар фаоллашганини юқори баҳолади. Хусусан, йил бошидан буён Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари раҳбарлари бир неча бор Хитойга ташриф буюрган, Шинжон-Уйғур автоном райони, Анхой, Цзянси, Цзянсу, Чжэцзян, Шандун, Шэнси ва Шанхай музофотлари делегациялари Ўзбекистонда бўлган. Пекин, Урумчи ва бошқа бир қатор шаҳарларда савдо уйлари очилган.

Президент матбуот хизматига кўра, етакчилар келгуси йилда иккинчи Ҳудудлар форуми ўтказилишини белгилаб олган.

Ўзбекистон президенти ХХР раиси камбағалликка қарши курашиш соҳасида амалий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаётганини алоҳида таъкидлади. Бу муҳим йўналишда тажриба алмашиш бўйича узоқ муддатли дастур қабул қилиш таклифи билдирилди, деб ёзди ПМХ.

«Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш ва минтақани ривожлантиришда стратегик аҳамиятга эга бўлган Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темирйўлини қуриш бўйича амалий ишларни тез фурсатда бошлаш муҳимлиги таъкидланди.

Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Ўзбекистон томонининг «ягона Хитой» сиёсатини қўллаб-қувватлаш ва «уч ёвуз куч»га қарши курашиш борасидаги позицияси ўзгармас экани тасдиқланди.

БМТ, ШҲТ, «Марказий Осиё — Хитой» формати ва бошқа халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасидаги яқин ҳамкорлик давом эттирилади. Мирзиёев ХХР етакчисига ШҲТга раислик даврида муваффақият тилади.

Учрашувда, шунингдек, туризм, илм-фан, таълим, кадрлар тайёрлаш ва хитой тилини ўрганиш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Яқинда Тошкентда Марказий Осиёдаги Конфуций институтлари форуми бўлиб ўтади. Ўзбекистонда Хитой олий ўқув юртлари филиалларини очиш, Хитойнинг профессионал таълим тизими — «Лу Бан устахонаси»ни кенг жорий этиш режалари белгиланди. Иккинчи Таълим форумини келгуси йилда ўтказиш таклифи билдирилди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон президенти Си Цзиньпинни мамлакатга ташриф билан келишга таклиф этди.