Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2 июль куни бўлиб ўтган мажлисда «Космик фаолият тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди, деб хабар берди парламент қуйи палатаси матбуот хизмати (видео).

Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Жамшид Эгамбердиевнинг айтишича, 2023 йилда иқтисодиёт тармоқларида космик технологияларнинг жорий этилиши туфайли 47 мингга яқин қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган. Натижада давлатга тушиши мумкин бўлган даромадлар ҳажми 265 миллиард сўмни ташкил этган.

Унинг сўзларига кўра, ҳуқуқ-тартибот идораларининг мудофаа ва хавфсизлик соҳасида космик суратга олиш ва унинг таҳлилига бўлган талаби йил сайин ортиб бормоқда. Агар 2022 йилда улар 2,5 миллион гектар майдондаги объектлар ва ҳудудларнинг суратлари ва таҳлилларини қабул қилган бўлса, 2023 йил охирига келиб бу кўрсаткич 4,5 баробарга ошган ва 11 миллион гектарга етган. 2025 йилда бу кўрсаткич 6,5 баробар ошиши кутилмоқда.

Бугунги кунда космик фаолият тамойиллари, давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, соҳага масъул органлар, уларнинг соҳани тартибга солиш бўйича ваколатлари ва вазифаларини белгилаб берувчи қонун йўқ.

Космик фаолиятнинг асосий мақсадларидан бири мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, мудофаа қобилияти ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш, иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштиришни жадаллаштиришдан иборат.

Ҳужжатни ишлаб чиқишда 16 давлатнинг ушбу соҳадаги қонунлари ўрганилган, у, шунингдек, БМТнинг космик фаолиятга оид ҳужжатларига мувофиқ яратилган.

Космик фаолиятни амалга оширишда одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига бевосита таҳдид яратиш, оммавий қирғин қуролини космик фазога чиқариш, космосга жойлаштириш ёки бундай қуролларни синовдан ўтказиш, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатиш учун космик технологиялардан ва (ёки) осмон жисмларидан фойдаланиш ҳамда фазони ифлослантириш бўйича халқаро нормалар ва стандартларни бузиш қатъиян ман қилинмоқда.

Космик соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

  • космик хизматларнинг миллий бозорини яратиш ва ривожлантириш;
  • космик объектларни яратиш ва улардан фойдаланиш;
  • соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини ривожлантириш;
  • Ерни космик аппаратлар орқали зондлаш, соҳаларда космик мониторингни амалга ошириш.

Бундан ташқари, хорижий жисмоний ёки юридик шахсларга тегишли бўлган космик объектларни коинотга учириш ёки уларни Ўзбекистон ҳаво ҳудудидан фойдаланган ҳолда Ерга қайтаришда мудофаа ва экология соҳасидаги ваколатли органлар билан келишиш шартлиги белгиланди.

Космик объектнинг учирилиши натижасида одамлар ёки ҳайвонлар нобуд бўлса, шунингдек, фуқаролар ва атроф-муҳитга зарар етказилса, космик фаолият субъектларига етказилган зарар Фуқаролик кодексида белгиланган тартибда қопланади.

Қонун лойиҳаси космик соҳани тартибга солишга ва унга ҳуқуқий мақом беришга, космик фаолият натижасида юзага келиши мумкин бўлган хатарларни бошқаришга, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга, тинчлик ва хавфсизликни сақлаш каби масалаларни ҳал қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Депутатлар ҳужжатни биринчи ўқишда қабул қилди.

«Ўзбеккосмос» агентлиги бош директори Шухрат Кадиров Ўзбекистоннинг космосни, жумладан, Ой ва бошқа осмон жисмларини тадқиқ қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича давлатларнинг фаолияти тамойиллари тўғрисидаги шартномага (Лондон, Москва ва Вашингтон, 1967 йил 27 январь) қўшилиши тўғрисидаги қонун лойиҳасини ҳам тақдим этди.

2024 йил бошида ушбу шартнома 114 давлат томонидан ратификация қилинган. Шартнома коинотнинг ҳуқуқий мақоми асосларини ҳамда космосдан тинч мақсадларда фойдаланишни таъминловчи халқаро қоидалар ва тамойилларни белгилайди.

Таъкидлангишича, мазкур шартноманинг ратификация қилиниши Ўзбекистоннинг халқаро космик лойиҳалар ва тадқиқотларда иштирок этиши, бошқа давлатлар билан ресурслар ва билим алмашиши учун имконият очади. Ратификация Ўзбекистон космик ҳуқуқ тизимини ривожлантиришга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда.

Шунингдек, у мамлакатларга ўз ресурсларини бирлаштириш ва космик лойиҳаларда биргаликда ишлаш имконини бериши керак.

Шартнома коинотда оммавий қирғин қуролларини жойлаштиришни ва коинотдан ҳарбий мақсадларда фойдаланишни тақиқлайди. Шартномани ратификация қилиш коинотни ҳарбийлаштириш хавфини камайтиришга ва коинотдан тинч мақсадларда фойдаланишга хизмат қилади.

Депутатлар шартномани ратификация қилишни маъқуллади.