Тошкент вилоятининг Қозоғистон билан чегара ҳудудида ноқонуний ерости йўли аниқланди. ДХХ туннель орқали трансчегаравий жиноий гуруҳ олиб ўтган, Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган 1 млрд сўмлик дориларни мусодара қилди.

Маълум бўлишича, улар дориларнинг навбатдаги қисмини Деҳли-Тошкент-Олмаота авиайўналиши орқали транзит тарзда Олмаота халқаро аэропортига олиб келган. Дорилар Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Сариёғоч тумани «Дўстлик» аҳоли яшаш пунктига етказилган ва яширин ерости йўли орқали Тошкент тумани «Ўрикзор» МФЙ ҳудудига ўтказилган.

дхх, контрабанда, яширин туннель

Тошкент вилоятида яшовчи фуқаронинг уйини Қозоғистон томони билан боғловчи ерости йўлининг узунлиги 310 метр бўлиб, унда ҳаво вентиляцияси, ёритиш тизими, юкларни ташишга мўлжалланган арава ва арқонлар бор.

дхх, контрабанда, яширин туннель

Тезкор тадбир давомида жиноий гуруҳ аъзоларидан жами 1 млрд 94 млн 342 минг сўмлик, Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган «Альбумин», «Ремдесивир», «Меропенем» каби жами 107 номдаги 17 048 дона дори воситаси ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.