Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрига амалий ташриф доирасида 3 июль куни Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Учрашувда икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларида ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар турли даражалардаги мулоқотлар фаол давом этаётгани, ўзаро савдо ва юк ташиш ҳажми, қўшма корхоналар сони ортаётганини қайд этди.

Ўзбекистон раҳбари Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун қулай шароитларни шакллантириш борасидаги ишларни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.

Қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, фармацевтика, кимё ва бошқа тармоқларда лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи 2025−2026 йилларга мўлжалланган Саноат кооперацияси дастурини қабул қилиш муҳим экани қайд этилди.

Бундан ташқари, етакчилар жорий йилда ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши, бизнес форуми ва саноат кўргазмасини ўтказишга келишиб олди.

Шунингдек, Трансафғон темирйўлини қуриш лойиҳасини амалга оширишда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар зарурлиги таъкидланди. Минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.