Тошкентнинг Юнусобод туманида тунда сув қувурида юзага келган аварияни бартараф этиш бўйича ер ости ишлари якунланди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, кўчаларни сув босиши оқибатида 2300 квадрат метр асфальт қопламаси шикастланган. Уни қайта тиклаш ишлари Grand Road Tashkent компанияси томонидан амалга оширилади. Бунинг учун уч кун ажратилган.

Сув босган ҳовлилардан сув кетган, кўп қаватли уйларнинг ертўлаларида сув деярли қолмаган.

Уйларга сув таъминоти тикланган, бироқ ертўлалар ва коммуникациялар ўтказилаётган ҳудудлар ҳалигача нам бўлгани учун электр таъминоти ҳозирча уланмаган.

«Газета.uz» Юнусободдан фото ва видеорепортажларни эълон қилганди. Расмийлар ҳолатни қозонхонанинг қисқа муддат ишламай қолгани, оқибатда сув қувурларида босим ошгани билан изоҳлаган.