3 июль куни Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 1200 мм катта сув ўтказгич тармоғида носозлик вужудга келди, деб хабар бермоқда «Тошкент шаҳар сув таъминоти» АЖ ахборот хизмати.

Гап Мойқўрғон ва Қорақамиш кўчалари кесишмасидаги тармоқ ҳақида кетмоқда. Ҳолат оқибатида тумандаги катта сув кўчаларни сув босди.

Тикланиш маҳалласи 1,2,3,4,5,6-тор кўчалари, Ғиштқўрғон кўчаси, Астробод маҳалласи, Туркистон, Собиробод маҳаллалари, Зенит заводи, Прокуратура академияси, Пиво заводида сув таъминоти вақтинча тўхтатилди.

Шу билан бирга, ушбу ҳудудда жойлашган муассаса, корхона ва ташкилотларда ҳам сув бўлмайди, дея қўшимча қилди корхона. Сувсиз қолган манзилларга махсус техникаларда сув етказилади.

«Тошшаҳартрансхизмат»нинг маълум қилишича, Юқори Қорақамиш ва Мойқўрғон кўчаларида сув қувури ёрилиб тошгани туфайли автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланмоқда.

Мазкур кўчалардан ҳаракатланувчи 6, 24 ва 142-сонли автобус йўналишларининг қатнов ва оралиқ интервал вақтлари режа асосида ташкил этилишида вақтинча узилишлар кузатилиши мумкин, дея огоҳлантирди компания.