Андижон шаҳрида 2 июль бошлаб 1-сонли «Гулшан МФЙ — Андижон шаҳар шифохонаси» автобус йўналиши брутто-шартнома тизимига ўтказилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, ушбу йўналишга 20 дона автобус бириктирилган бўлиб, қатнов оралиқ интервали 10 дақиқани ташкил этади.

Шу муносабат билан, йўловчиларнинг автобусларга чиқиши ва тушиши қатъий тартибда оралиқ бекатларидан амалга оширилиши лозимлиги таъкидланган. Ҳайдовчиларга тегишли йўриқномага асосан фақат бекатларда йўловчи олиш ва тушириши, қатъий жадвал асосида ҳаракатланиши, йўловчи бор ёки йўқлигидан қатъий назар ҳар бир бекатларда тўхтаб ўтиши лозимлиги тушунтирилган.

Янги тизимга мувофиқ ташувчи босиб ўтилган йўл ва сифат мезонлари асосида йўловчиларга хизмат кўрсатиши лозим. Тез орада яна 3 та шаҳар автобус йўналиши босқичма-босқич равишда ушбу тизимга ўтказилади.

Брутто-шартномалар йўловчи ташишни ташкил этиш модели бўлиб, унда барча тушумлар шаҳар бюджетининг махсус ҳисобрақамига ўтказилади ва шаҳар маъмурияти ташувчига йўналишлар бўйича ташувларни амалга оширгани учун бажарилган ишлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда уларнинг сифатини назорат қилиш шарти билан ҳақ тўлайди. Бу ҳақда «Газета.uz» батафсил ёзганди.