UzAuto Motors компанияси Chevrolet Cobalt автомобили учун 5 июль куни соат 10:00 да контрактация очилишини маълум қилди.

Шартнома бериш аввалги контрактацияда тўловни ўз вақтида амалга оширмаган, жумладан, бекор қилинган ҳажмлар сабабли очилмоқда.

Автомобилларни харид қилишда шартнома тузиш фақат savdo.uzavtosanoat.uz сайти орқали амалга оширилади. Шунингдек, Telegram бот ҳамда UzAvtosavdo иловаси навбатни кузатиш хизматини ҳамда мавжуд автомобиллар ҳақида маълумотни тақдим этади.

UzAuto Motors автомобиль хариди учун тузилган шартномалар бўйича тўлов 7 календарь кун ичида амалга оширилиши лозимлигини эслатиб ўтди.

21 июнь куни savdo.uzavtosanoat.uz сайтида 25 минг дона Cobalt учун 24 931 та шартнома тузилган. 69 та шартнома юридик шахслар улушига тўғри келган.

«Онлайн контрактация жараёнида UzAutoSavdo тизимида 56 та киберҳужум амалга оширилди, бу эса платформа фаолиятида узилишларга олиб келди. Бундан ташқари, ушбу давр мобайнида сайтга ташриф буюрувчилар сони юқорилиги кузатилди. Хусусан, платформада дақиқасига 100 мингдан ортиқ фойдаланувчи бўлган», — дейилади компания хабарида.