Тошкент шаҳрида 2024 йил охиригача дори воситаларига электрон рецептлар бериш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 4 июль куни тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги бизнес вакиллари билан ўтказилган очиқ мулоқотда соғлиқни сақлаш вазири в.б. Асилбек Худаяров маълум қилди.

У президент аҳолини хавфсиз дори воситалари билан таъминлаш мақсадида электрон рецептларга ўтиш бўйича кўрсатма берганини эслади. Тошкентда давлат тиббий суғуртасини жорий этиш билан тўлдириладиган тажриба ўтказилган.

«Ривожланган мамлакатлардагидек биз электрон рецептура тизимига ўтишимиз керак. Бу бўйича рақамлаштириш технологияси ҳозир йўлга қўйилиб, Тошкент шаҳрида эксперимент қилдик… Бу йил Тошкентда бўлади», — деди вазир.

Тиббий суғурта ишга туширилгач, беморлар дори воситаларини нафақат «Дори-дармон» давлат дорихонасидан, балки исталган хусусий дорихонадан электрон рецептда кўрсатилган нархларда харид қилиши мумкин бўлади. Маълумотлар Соғлиқни сақлаш лойиҳалари марказига юборилади ва улар асосида фармацевтика маҳсулотлари учун тўловлар реимбурсация схемаси бўйича амалга оширилади.

Реимбурсация тизими беморга оилавий шифокор томонидан бериладиган электрон рецепт асосида дори воситаларини (кафолатланган пакетга киритилган) бепул олиш имконини беради. Дори воситалари Давлат тиббий суғурта жамғармаси билан шартнома тузадиган дорихоналар томонидан чиқарилади.

Вазирнинг таъкидлашича, электрон рецептлар туфайли тадбиркорлар ўртасида рақобат пайдо бўлади.

Бундан ташқари, ушбу тизим «жуда кўп асоссиз ва кераксиз дори-дармонларни» рецептлашнинг олдини олади.

«Полипрагмазия (бир вақтнинг ўзида бир нечта дори воситалари ёки тиббий муолажаларни буюриш — таҳр.) туфайли аҳолига жуда нокерак дори-дармонлар ёзиб бериляпти. Электрон рецептура бўлса, платформада шу нарсалар бўлади: қон босими кўтарилганда қайси стандарт бўйича қайси дорилар ишлатилиши керак? Ундан ортиқчаси бўлса, врач ҳам қўлга тушади, аптекачи ҳам қўлга тушади», — дейди Худаяров.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда қонуний ва рўйхатдан ўтган дори воситалари умумий маълумотлар базасида шакллантирилгани сабабли тизим контрабанда фармацевтика маҳсулотлари сотилишини аниқлайди.

«Оғир бўлади кўпчиликка, лекин биз бу йўлдан қайтмаймиз», — дея хулоса қилди ССВ раҳбари.

Январь ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги таркибида янги муассаса — Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази ташкил этилганди. Лойиҳа офиси давлат-хусусий шериклик учун хусусий секторни жалб қилиши ва фармацевтика секторини ислоҳ қилиши керак.

Йил охирига қадар «Электрон поликлиника» ва «Электрон стационар» тизимларини ҳам жорий этиш режалаштирилган.