Шавкат Мирзиёев Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатида содир бўлган фожиа оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва жароҳат олгани муносабати билан мамлакат президенти Драупади Мурму ва бош вазири Нарендра Модига таъзия йўллади.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, давлат раҳбари қурбонларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этиб, жароҳатланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.

Эслатиб ўтамиз, 3 июль куни Уттар-Прадеш штатининг Ҳатрас округидаги диний йиғинда юз берган тиқилинчда камида 121 киши ҳалок бўлиб, 31 киши жароҳат олганди. Фожиа содир бўлган ерда ўн минглаб одамлар воиз Бҳоле Бабани тинглаш учун тўпланган.

Полиция ҳисоботига кўра, рухсат этилган сиғим 80 мингга яқин бўлган бўлса ҳам, йиғинда 250 мингга яқин одам қатнашган. Бу Ҳиндистондаги диний йиғинда юз берган ва кўп сонли қурбонлари бор биринчи тиқилинч эмас, дея таъкидлайди Reuters.

2005 йилда Вай шаҳридаги Мандхардеви ибодатхонасида 265 дан ортиқ одам ҳалок бўлганди, 2008 йилда эса камида 250 киши Ражастандаги Чамундагар ибодатхонасида тиқилинч қурбони бўлган.