Маруфхон Мақсудович Ходжаев «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси этиб тайинланди, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Маруфхон Ходжаев бунга қадар 2023 йилнинг августидан буён Андижон вилояти прокурори лавозимида фаолият юритиб келаётганди. Фаолияти давомида у Транспорт прокурорининг биринчи ўринбосари лавозимида ҳам ишлаган.

Янги лавозимда у 2019 йилнинг июли — компания очилишидан буён раҳбарлик қилиб келаётган Баҳодир Эшмуратовнинг ўрнини эгаллади. Унинг қандай лавозимни эгаллагани ҳозирча номаълум.

Шунингдек, Набиев Фитратулло Нейматулла ўғли Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий тадқиқот институти директори бўлди. У бунга қадар вазирликнинг Йиғма ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келаётганди.