2 июль куни президентнинг «Мактабгача ва мактаб таълими соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Ҳужжатга билан, Мактабгача таълим агентлиги фаолияти тугатилди. Агентликнинг ташкилий тузилмасидаги ташкилотлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тасарруфига ўтказилди.

Вазирлик зиммасига қуйидаги қўшимча функциялар юклатилди. Жумладан:

  • илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда мактабгача ёшдаги болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;
  • мактабгача таълим ва тарбия жараёнига замонавий инновацион педагогик технологияларни, таълим ва тарбиянинг самарали шакллари ҳамда усулларини жорий этиш;
  • мактабгача таълимнинг ўқув режа, дастур ва ўқув-методик мажмуаларини такомиллаштириш, уларнинг умумий ўрта таълим дастурлари билан узвийлигини таъминлаш;
  • давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари орасида соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳисобига барча болаларнинг мактабгача таълим билан босқичма-босқич қамраб олинишини таъминлаш.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг охиридаги маъмурий ислоҳот давомида Мактабгача таълим ва Халқ таълими вазирликлари бирлаштирилиб, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташкил қилинганди. Унга Ҳилола Умарова раҳбар этиб тайинланган, собиқ мактабгача таълим вазири Агриппина Шин эса вазирнинг биринчи ўринбосари — агентлик директори бўлганди.