Шавкат Мирзиёев 4 июль куни «ШҲТ плюс» форматининг «Кўп томонлама мулоқотни мустаҳкамлаш — барқарор тинчлик ва тараққиёт сари интилиш» мавзусидаги мажлисида иштирок этди, деб хабар берди унинг матбуот хизмати.

Тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар делегациялари раҳбарларидан ташқари, кузатувчи ва мулоқот бўйича ҳамкор давлатлар раҳбарлари ҳамда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш иштирок этди.

иқлим, технологиялар, савдо, шҳт

Ўзбекистон президенти ўз нутқида шундай таъкидлади: «Ҳозир дунё ишонч, адолат ва ҳамжиҳатлик қайта тикланишига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эҳтиёж сезмоқда. Глобал сиёсий ва иқтисодий „парчаланишлар“, урушлар ва можаролар халқаро муносабатлар тизими асоси ва ҳал қилувчи тамойилларининг емирилишига олиб келмоқда. Қарама-қаршилик ва протекционизм жаҳон иқтисодиёти парчаланиши ва етказиб бериш занжирлари узилишига сабаб бўлмоқда. Мамлакатларнинг савдо, молия, сармоя, технология ва инновациялар трансфери соҳаларидаги самарали ҳамкорлигида тўсқинлик қиладиган янги ажратувчи чегаралар вужудга келмоқда».

Бу муаммоларни ҳал этишнинг ягона йўли, деди у, умумий хавфсизлик, тараққиёт ва фаровонлик учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш.

ШҲТ, Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, «сохта сиёсий ва мафкуравий қарашлардан холи бўлган кенг кўламли ҳамкорликни ўрнатишга интилаётган кўплаб мамлакатларни ўзига тортадиган марказ» бўлиб қолмоқда.

иқлим, технологиялар, савдо, шҳт

Шу билан бирга, унинг қайд этишича, юзага келаётган воқеликлар ШҲТ фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича янги стратегик ёндашувларни талаб қилади.

«Бугунги кунда ўзининг 25 йиллиги арафасида турган ШҲТ учун унинг улкан салоҳияти ҳамда жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги ортиб бораётган ролига мос келадиган янги мақсад ва вазифаларни ишлаб чиқиш вақти келди», — деди Ўзбекистон раҳбари.

«„Шанхай руҳи“ ва хартиянинг асосий тамойилларига таяниб, ташкилот ичида бирдамлик ва жипсликни сақлаш лозим. ШҲТ доирасида ишонч ва дўстлик муҳитини мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришни, ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишни таклиф қиламан», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Аввало, хавфсизликни таъминлаш масалаларида ШҲТ фаолиятининг концептуал асосларига янги нигоҳ билан қарашимиз зарур. Ташкилот таъсис этилган даврдан буён замонавий таҳдидларнинг табиати ва миқёси сезиларли даражада ўзгарди. Экологик ва табиий офатлар, сув ресурслари ва озиқ-овқат тақчиллиги, киберҳужумлар, суверенитет ва иқтисодий барқарорликка путур етказишнинг янги услублари кучайиб бораётган таҳдидлардир. ШҲТ салоҳиятини мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқишда, жумладан, Хавфсизликка хатар ва таҳдидларга қарши кураш бўйича универсал марказни ташкил этишдабуларнинг барчасини инобатга олиш зарур», — деди Ўзбекистон президенти.

У ташкилотнинг барча давлатлари ваколатли органлари раҳбарлари ва экспертлари иштирокида ҳар йили «Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс мулоқоти»ни ўтказишни таклиф қилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ШҲТ маконида тарқоқлигича қолаётган савдо-иқтисодий ҳамкорликни изчил «қайта ишга тушириш»ни таклиф қилади, деди давлат раҳбари. «Биз ҳалига қадар кўп томонлама савдо ва тармоқлараро шерикликнинг мустаҳкам асосларини ярата олмадик. Анча вақтдан буён ШҲТ Жамғармаси ва Тараққиёт банкини ташкил этиш масаласи бўйича консенсусга эришилмади», — деди у.

«Биз бугун саммитда савдо жараёнларини соддалаштириш ва электрон савдони ривожлантириш, технологик кооперацияни, шу жумладан, келажак саноат тармоқларини рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилишга келишиб олдик», — деди Ўзбекистон раҳбари.

У ишбилармонлар мулоқоти учун майдон яратиш мақсадида ҳар йили ташкилот мамлакатларида «ШҲТ ЭКСПО» халқаро саноат кўргазмасини ўтказишни таклиф қилди.

иқлим, технологиялар, савдо, шҳт

«Янги геосиёсий воқелик шароитида минтақалараро ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш учун инклюзив ва интеграциялашган транспорт-транзит тизимларини шакллантириш зарурлигига ишонч ҳосил қилмоқдамиз, — деди президент. — Иқлим ўзгариши ва экологик фожиалар каби глобал муаммолар ташкилотимиз эътиборидан четда қолиб кетиши мумкин эмас. Мамлакатларимиз табиий офатлар, тупроқ деградацияси, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик пасайиши, ҳавонинг ифлосланиши, сув етишмаслиги каби муаммолар билан тез-тез тўқнаш келмоқда».

«Иқлим муаммолари бўйича ҳамкорлик ШҲТ янги кун тартибининг муҳим қисми бўлиши лозим, деб ҳисоблайман», — деди Ўзбекистон президенти. Шавкат Мирзиёев «яшил» ривожланиш соҳасида умумий мақсад ва вазифаларга эришиш учун аниқ чора-тадбирларни назарда тутувчи иқлим ўзгаришига қарши курашишда ҳамкорлик бўйича битим ишлаб чиқиш тарафдори бўлди.

У Тошкентда ШҲТнинг Иқлим муаммолари бўйича инновацион ечимлар марказини ташкил этишни таклиф қилди. Марказ экологик барқарорлик ва «яшил» ривожланиш соҳаларида тадқиқотлар олиб боради.

иқлим, технологиялар, савдо, шҳт

«Аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилаш ва ижтимоий ҳимоя масалалари ташкилот кун тартибида марказий ўринни эгаллаши лозим», — деди президент.

Келгуси йилда Ўзбекистон Келажак саммити мақсадларига эришишга ҳисса қўшиш учун Самарқандда БМТ шафеълигида Барқарор ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича глобал конференция ўтказади.

Якунда Ўзбекистон президенти ушбу соҳалардаги лойиҳаларни тизимлаштириш ва барча манфаатдор томонларни жалб этган ҳолда биргаликда амалга оширишга хизмат қиладиган ШҲТ гуманитар ташаббус ва дастурлари ягона банкини ишлаб чиқишни таклиф қилди.