Шавкат Мирзиёев 4 июль куни Остона шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати унинг нутқини эълон қилди.

Давлат раҳбари сўзи аввалида Беларуснинг ШҲТга қўшилиш жараёни якунига етгани билан табриклади. Бу ўзаро шерикликнинг қўшимча имкониятларини очиши қайд этилди. Шундан сўнг у Қозоғистоннинг ШҲТга раислиги якунланаётганига тўхталиб, ушбу мамлакатнинг фаолиятини юксак баҳолашини айтиб ўтди.

афғонистон, шавкат мирзиёев, шанхай ҳамкорлик ташкилоти

Президент ушбу саммит халқаро вазият кескинлашаётган бир шароитда ўтаётганини билдирди.

«Янги вайронкор можаролар пайдо бўлмоқда. Халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва тамойиллари тез-тез бузилмоқда. Тобора кучайиб бораётган инқироз ва муаммоларни ҳал қилиш бўйича жаҳон ҳамжамиятида мавжуд бўлган воситалар, афсуски, ўзининг самарадорлигини йўқотди», — деди у.

«Бундай мураккаб вазиятда ШҲТнинг асоси бўлган тамойилларга содиқлигимизни сақлаш ва янада мустаҳкамлаш фавқулодда муҳимдир», дея таъкидлаган давлат раҳбари ташкилот халқаро масалаларда юксак нуфуз ва барқарорлаштирувчи ўринга эга бўлганини қайд этди.

Президент «Шанхай руҳи»нинг қуйидаги тамойилларини сақлаб қолиш ва содиқ бўлиш муҳимлигини билдирди, булар — ўзаро ишонч ва манфаат, тенглик, маданиятлар ранг-баранглигига ҳурмат ва умумий тараққиётга интилиш, қарорлар қабул қилишда консенсус тамойилининг ўзгармаслиги, ташкилотнинг блоклардан холи мақомини сақлаб қолиш, унинг очиқлиги, учинчи мамлакатларга қарши қаратилмагани, иқтисодий, ҳарбий ва сиёсий салоҳиятидан қатъи назар, барча иштирокчиларнинг тенг ҳуқуқлилиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш.

афғонистон, шавкат мирзиёев, шанхай ҳамкорлик ташкилоти

«Жаҳон аҳолисининг 40 фоиздан ортиғи, глобал ялпи ички маҳсулотнинг чорак қисмидан кўпроғи мамлакатларимиз ҳиссасига тўғри келади. Ҳеч шубҳасиз, ушбу беқиёс салоҳиятни рўёбга чиқариш биздан иқтисодий шерикликнинг янги моделларини шакллантиришни ва ШҲТ доирасида барқарор ривожланишнинг узоқ муддатли кун тартибини ишлаб чиқишни талаб этади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент ШҲТ олдида 8 та долзарб вазифа турганини қайд этди.

1. Умумий хавфсизликни таъминлаш.

Глобал даражада ишонч тақчиллиги мисли кўрилмаган даражага чиққан шароитда умумий хавфсизлигимизни таъминлашда янги ёндашувларни излаш зарурати ўсиб бормоқда, деди давлат раҳбари. Шу боис умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ҳамжиҳатлик бўйича илгари сурилган Самарқанд ташаббусининг аҳамияти ҳар қачонгидан ҳам долзарб, дея қўшимча қилди у.

«ШҲТнинг Яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик кодекси қабул қилиниши ҳозирги янги шароитда мулоқотни мустаҳкамлаш ва кўп томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш имконини беради, деб ҳисоблаймиз».

2. Иқтисодий соҳада ҳамкорлик бўйича стратегик юксалишга эришиш.

Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо давлатлар билан савдо айланмаси 2023 йил якунлари бўйича 20 фоиз, 2024 йил бошидан буён эса яна 15 фоизга ўсгани келтириб ўтилди.

«ШҲТ доирасида савдо жараёнларини соддалаштириш бўйича битимни ишлаб чиқиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз. Ҳужжатга савдодаги тўсиқларни бартараф этиш, техник регламентлар ва сертификатлаш, фитосанитария ва ветеринария назорати тизимларини яқинлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни киритиш мумкин», — деди давлат раҳбари.

Бундан ташқари, президент трансчегаравий электрон тижоратни ривожлантириш бўйича жаҳондаги тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда ушбу соҳада амалдаги рақамли савдо платформалари интеграциясини кўзда тутувчи ҳамкорлик дастурини тайёрлашни таклиф этди.

афғонистон, шавкат мирзиёев, шанхай ҳамкорлик ташкилоти

3. Саноат кооперацияси дастурларини қўллаб-қувватлаш.

Энг аввало, инфратузилма, саноатнинг юқори технологияли тармоқлари ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш таклиф қилинди. Бунда ушбу лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини пухта ўйлаб кўриш, ШҲТ жамғармаси ва Тараққиёт банкини ташкил этиш масаласини кўриб чиқишга қайтиш муҳимлиги айтилди.

4. Инклюзив транспорт тизимларини шакллантириш.

«Шарқ-Ғарб» ва «Шимол-Жануб» йўналишлари бўйича инклюзив транспорт тизимларини шакллантириш мамлакатларнинг иқтисодий салоҳиятини самарали ривожлантириш имконини бериши кўрсатиб ўтилди.

«Алоҳида таъкидлаб айтаман: транспорт йўлакларининг кўп вариантли бўлиши — бутун минтақамиз барқарор ривожланишининг энг муҳим шартидир», — деди у. Шунингдек, Логистика жараёнларини рақамлаштириш режасини ишлаб чиқиш, шу жумладан, мамлакатлар чегаралари орқали ўтадиган маҳсулотлар ҳақидаги маълумотларнинг электрон алмашувини ташкил этиш таклифи илгари сурилди.

5. ШҲТ маконида замонавий ва ишончли энергетика инфратузилмаларини кенгайтириш.

Ўзбекистонда «яшил» энергетикани жадал ривожлантириш бўйича дастур қабул қилингани таъкидланди. Мамлакат йилига 2 гигаватт қувватли қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушираётгани, саноат даражасида «яшил» водород ишлаб чиқариш лойиҳаси устида иш бошлангани ҳақида сўз борди.

Президент қайта тикланадиган энергетикага инвестиция ва технологияларни жалб этишни рағбатлантириш бўйича ҳамкорликнинг комплекс режасини ишлаб чиқишни таклиф этди.

6. Жадаллаштирилган рақамли трансформация.

«Бизнинг фикримизча, рақамли иқтисодиётга ўтиш, «сунъий интеллект»ни, илғор IT қарорларни жорий этиш мамлакатларимиз рақобатбардошлигида ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир. Шу борада билимлар, тажриба ва энг яхши амалиётлар алмашуви, IT паркларнинг тизимли ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида «ШҲТ келажак технологиялари» дастурини ишлаб чиқиш тарафдоримиз», — деб айтди президент.

7. Ижтимоий ривожланиш ва ҳимоя соҳасида ШҲТ мамлакатлари ҳамкорлиги бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилиш.

Давлат раҳбарининг ишонч билан айтишича, аҳоли ҳаёт даражасини юксалтириш ва ҳудудларни, биринчи навбатда, қишлоқ жойларни ривожлантириш бўйича аниқ вазифаларни амалга ошириш 2030 йилгача мўлжалланган энг муҳим мақсадларга эришиш йўлида умумий ҳисса бўлади.

афғонистон, шавкат мирзиёев, шанхай ҳамкорлик ташкилоти

8. «ШҲТ озиқ-овқат хавфсизлиги атласи» қўшма электрон платформасини ишлаб чиқиш.

Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва уларни етказиб бериш имкониятлари номма-ном акс эттирилган мамлакатларнинг агросаноат соҳасидаги салоҳияти ҳақидаги маълумотларни бирлаштирадиган «ШҲТ озиқ-овқат хавфсизлиги атласи» қўшма электрон платформасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ, деди президент.

Хавфсизликка таҳдид солаётган замонавий хавф ва хатарларга қарши курашишда мамлакатларимиз ваколатли органлари фаолиятини яқиндан мувофиқлаштиришни, шу жумладан, ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси йўналишида давом эттириш зарур, деди давлат раҳбари.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёнинг ажралмас қисми бўлган ва минтақавий барқарорликка бевосита таъсир кўрсатадиган қўшни Афғонистондаги вазият ҳақида тўхталиб ўтди.

«Афғонистоннинг ҳозирги маъмурияти билан муносабатларни ўрнатиш борасидаги ёндашувлар турли экани маълум. Аминманки, Кобул билан мулоқотларни сақлаш бутун минтақанинг хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт борасидаги манфаатларига мос келади. Тобора кўпроқ давлатлар буни тушуниб етмоқда», — деди у.

Шу муносабат билан, «ШҲТ-Афғонистон» мулоқот гуруҳининг фаолиятини қайта тиклаш ҳақидаги таклиф ҳамон долзарб бўлиб қолаётгани таъкидланди.