«Ўзбекнефтгаз»га тегишли UNG Petro ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи ва Чиноз нефтни қайта ишлаш заводини сотиш қиймати 519 миллиард сўмни ташкил қилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда компаниянинг молиячи Отабек Бакиров эътибор қаратган 2023 йил учун консолидацияланган молиявий ҳисоботида айтилади.

Битим 2023 йилнинг ноябрида тузилган (Марказий банкнинг ўша ойдаги ўртача курси бўйича — 42,3 миллион доллар).

petroleum technology group, ung petro, хусусийлаштириш, узбекнефтгаз, чиноз нефтни қайта ишлаш заводи

Ҳисоботга кўра, 547 миллиард сўмлик икки активнинг соф баланс қиймати 259 миллиард сўмни ташкил этади (мажбурият/қарзни айирганда). Нефтни қайта ишлаш заводи ва ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи соф активларининг баланс қиймати ва сотиш санасида келиб тушган тўлов ўртасидаги 260 миллиард сўм миқдоридаги фарқ асосий фаолиятдан олинган даромадлар деб эътироф этилган.

Шундан келиб чиқиб, нарх миқдори 519 миллиард сўмни (260+259) ташкил этади.

Шу билан бирга, молиявий ҳисоботларда асосий фаолиятдан ташқари даромадларнинг умумий миқдори 194 миллиард сўм этиб кўрсатилган. Бу компания бошқа ошкор этилмаган активларини сотишдан 66 миллиард сўм зарар кўргани ёки бирданига бутун суммани олмагани, яъни тўловни бўлиб-бўлиб тўлаш мумкинлигини англатиши мумкин.

petroleum technology group, ung petro, хусусийлаштириш, узбекнефтгаз, чиноз нефтни қайта ишлаш заводи

Яна бир молиявий ҳисоботда айтилишича, UNG Petro компаниясини сотишдан тушган даромад 106,06 миллиард сўмни, Чиноз нефтни қайта ишлаш заводидан — 46,12 миллиард сўмни (жами — 152,18 миллиард сўм) ташкил этган. Ҳужжатда бу активлар учун тўланиши керак бўлган тўловларнинг умумий миқдори ёки фақат бир қисми экани айтилмаган.

Май ойи ўрталарида «Ўзбекнефтгаз»нинг исми сир қолишини истаган вакили «Газета.uz»га 69 та ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғининг ўзи тахминан 50 миллион долларга сотилганини айтганди. Бироқ, ҳисоботлардан кўра, икки объектнинг умумий қиймати тахминан 42,3 миллион долларга баҳоланган.

Март ойи бошида «Газета.uz» Данияр Камиловга (собиқ ташқи ишлар вазири, ҳозирда президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Абдулазиз Камиловнинг ўғли) тегишли Petroleum Technology Group компанияси (устав капитали — 101 млн сўм) Ўзбекистондаги энг йирик ёнилғи қуйиш шохобчалари тармоғи бўлган UNG Petro`нинг (устав капитали — 265 млрд сўм) эгасига айлангани хабар қилинганди.

Худди шу компания Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи эгасига айланганди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳозирча битим тафсилотларини маълум қилганича йўқ (UNG Petro қачон, қанча сумма ва қандай шартлар асосида хусусийлаштирилгани маълум эмас).

2024 йилнинг биринчи чорагига мўлжалланган инвестицион дастурда «Ўзбекнефтгаз» томонидан 2023−2024 йилларда Бухоро тумани ва Тошкентнинг Сергели туманида 2,5 миллион долларга иккита ёқилғи қуйиш шохобчаси қурилиши белгиланган. Шу тариқа битта станция қурилиши, ер нархини ҳисобга олмаганда, 1,25 миллион долларга (80 та ёқилғи қуйиш шохобчаси — 100 миллион доллар) тушиши мумкин.

Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 2023 йилда UNG Petro`нинг айланмаси 2,24 триллион сўмни (тахминан 178 миллион доллар) ташкил этган, бу 2022 йилга (1,86 триллион сўм) нисбатан 20,4 фоизга кўп. Шу билан бирга, компания томонидан 85,5 миллиард сўм солиқ тўланган, бу ўтган йилга нисбатан (156,3 миллиард сўм) қарийб 2 баробар кам, чунки 2023 йилда Аи-80 бензинини сотишда акциз солиғи бекор қилинган эди.