Бухорода вояга етмаган фарзандларининг никоҳ тўйини ташкил қилган ота-оналар маъмурий жавобгарликка тортилди, деб хабар қилди Болалар омбудсмани матбуот хизмати.

Аввалроқ 29 июнь куни Шофиркон туманида яшовчи 16 ёшли ўғил ва Қоракўл туманида яшовчи 17 ёшли қиз ўртасида «Фатҳобод» маросимлар уйида тўй маросими бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.

Мазкур ҳолат юзасидан Қоракўл тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилиб, ота-оналарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47−3-моддаси 2-қисми (Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш) билан баённома расмийлаштирилган.

Никоҳ ёшига етмаган шахсларни уйлантиргани ва эрга бергани учун Н.С. ва Қ.Н.га нисбатан БҲМнинг 7 баробари миқдорида (2,38 млн сўм) жарима солинган.

Қайд этилишича, ота-оналар диний маросим (никоҳ) ўтказмаган ва никоҳни ФҲДЁ органларида расмийлаштирмаган, фақат тўй маросимини ўтказган.

Ўзбекистоннинг Оила кодексига кўра, никоҳ ёши эркаклар учун ҳам, аёллар учун ҳам 18 ёш деб белгиланган.

«Бу қонуний талабнинг бузилиши боланинг таълим олиш, соғлиғини сақлаш ҳамда жисмоний, ақлий ва маънавий уйғун равишда камол топиш ҳуқуқларига мутлақо зиддир», — дейилади Болалар омбудсмани матбуот хизмати.

Йил бошидан буён судлар томонидан 125 га яқин иш кўриб чиқилган

«Газета.uz» Олий суд сайтидаги маълумотларни ўрганиб чиқиб, 2024 йил бошидан буён судлар томонидан никоҳ ёши ёки никоҳ тузиш тартиби тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши билан боғлиқ 125 тага яқин иш кўрилганини аниқлади.

Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ муносабатларига киришиш, ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни уйлантириш ёки эрга бериш, шунингдек никоҳи белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида диний никоҳ маросимини ўтказиш шулар жумласига киради.

Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонованинг таҳририятга аниқлик киритишича, қизлар учун никоҳ ёши 18 ёшга кўтарилган 2019 йилгача 5123 дан ортиқ (2018 йилда) эрта никоҳ қайд этилган. 2023 йилда 42 та шундай ҳолат қайд этилган.

Қашқадарё вилояти Косон тумани ҳокими Асрол Бойқораев ўтган йилнинг декабрь ойида болалар омбудсманı билан учрашувдан сўнг «қизини буюм, мулк сифатида кўриб, эрта турмушга бермоқчи бўлган ота-оналар»ни танқид қилган эди.