Тожикистоннинг Варзоб туманида Nexia 2 автомобили юк машинаси билан тўқнашиши оқибатида 3 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ҳолат 2 июль куни соат 13:00 да Душанбе-Варзоб-Хўжанд автомобиль йўлининг 50-километрида содир бўлган. Хўжанддан Душанбега томон ҳаракатланаётган Nexia 2 автомобили «КамАЗ» юк машинаси билан тўқнашиб кетган.

Ҳодиса оқибатида ўзбекистонликлар — автомашина ҳайдовчиси ва икки нафар йўловчиси (бир эркак ва бир аёл) воқеа жойида ҳалок бўлган. Ҳайдовчи фарғоналик 60 ёшли Н.Б. бўлган, бошқа қурбонларнинг шахси аниқланмоқда.

«Ҳолат юзасидан Ўзбекистон ФВВга маълумот юборилди. Воқеа оқибатларини бартараф этиш учун воқеа жойига қутқарувчиларнинг навбатчи гуруҳи жўнатилди», — дейилади хабарда.