2024 йилда ОТМ ва профессионал таълим муассасаларига кириш учун ҳужжат топширган 894 279 нафар абитуриентнинг 805 688 нафари тест синовида иштирок этади (ўтган йили 948 486 нафари тестда қатнашиши мумкин эди). Билимни баҳолаш агентлиги имтиҳонда қатнашадиган абитуриентлар статистикасини эълон қилди.

Унга кўра, 88 минг 591 кишининг топширган ҳужжати турли сабаблар билан қабул қилинмаган. Тест синовларида иштирок этиши белгиланган абитуриентларнинг 422 400 нафарини хотин-қизлар (52,4 фоиз), 383 288 нафарини эркаклар (47,6 фоиз), ташкил этади. 2024 йилда 489 118 нафар (60,7 фоиз) абитуриент тест синовида иштирок этиш учун белгиланган тўловдан озод этилган.

Доимий яшаш ҳудуди бўйича энг кўп Самарқанд вилоятида 95 979 нафар, Қашқадарё вилоятида 92 636 нафар, Фарғона вилоятида 79 808 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган.

Абитуриентларнинг 46 244 нафари алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларига, 12 851 нафари олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагини билдирган. Рўйхатдан ўтишда 22 632 нафар абитуриент чет тилидан халқаро сертификат юклаган бўлиб, улардан 20 063 тасининг ҳақиқийлиги тасдиқланди, 2 569 та сертификатнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмади.

Бундан ташқари 30 637 нафар чет тилидан, 20 684 нафар умумтаълим фанларидан миллий сертификатга эга абитуриент рўйхатдан ўтган.

2024 йилда тест синовларини сифатли ташкил этиш ва ўтказиш учун бинолар оптималлаштирилиб, ҳозирда 73 та ёпиқ турдаги катта сиғимли бино тест синовларига тайёрланмоқда. Уларда бир сменада 1 176 та гуруҳда, 35 280 нафар, бир кунда эса 70 560 нафар абитуриент тест синовида иштирок этиши ва тест синовларини 12 кун давомида ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Тест синовларини адолатли ва шаффоф ўтказиш мақсадида кенг жамоатчилик орасидан очиқ танлов ўтказиш орқали 2690 нафар гуруҳ назоратчи танлаб олинди. Бундан ташқари гапириш ва эшитишда нуқсони бўлган абитуриентларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида 139 нафар сурдотаржимон жалб этилади.

Тест синовларида фойдаланиладиган 15 та (тиллар кесимида 29 та) умумтаълим фанидан 40 мингдан ортиқ янги тест топшириғи шакллантирилди ва экспертизадан ўтказилди. Шунингдек, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирган саволларга жавоб бериш учун 1195 қисқа рақамли мурожаатлар маркази (Call-марказ) доимий хизмат кўрсатмоқда, дейилади хабарда.