Кир Стармер ва унинг янгиланган Лейбористлар партияси 4 июль куни бўлиб ўтган Буюк Британиядаги парламент сайловларида ғалаба қозонди, экзит-полл натижаларига кўра, Консерватив партиянинг 14 йиллик бошқарувига якун ясалди ва сўл марказ ҳукмрон бўлган янги ҳукуматга ўтилиши кутилмоқда, деб ёзди BBC.

Бу Лейбористлар партияси 19 йил ичида биринчи марта ғалаба қозонишини англатади.

Экзит-полл натижаларига кўра, Лейбористлар партияси парламентдаги 650 ўриндан 410 тасини қўлга киритиши мумкин. Унинг 62 ёшли раҳбари Кир Стармер Риши Сунакдан кейин Буюк Британиянинг навбатдаги бош вазири бўлиши кутилмоқда. У Лейбористлар тарафдорларига мамлакат «умид қуёши» билан уйғонаётгани ва ўзгариш даври келганини таъкидлади.

Фото: X / @Keir_StarmerФото: X / @Keir_Starmer

Ўзининг ғалаба нутқида Лейбористлар етакчиси «миллий янгиланиш» ваъдаси ва «мамлакатни биринчи ўринга, партияни иккинчи ўринга қўйиш» ҳақида гапирди.

Ҳукмрон Консерваторлар партияси, экзит-полл натижаларига кўра, атиги 131 ўринни олмоқда. Либерал-демократлар 61 ўринга, Шотландия Миллий партияси ўнта ўринга эришиши мумкин.

Консерватив партия сўнгги тўртта сайловда кетма-кет ғалаба қозонганди ва 14 йилдан бери ҳокимиятда бўлиб турибди. 2022 йил октябрдан бери бош вазирлик қилиб келаётган Риши Сунак Консерватив партиянинг умумий сайловлардаги тарихий мағлубияти учун жавобгарликни ўз зиммасига олишини айтди.

Фото: X / @RishiSunakФото: X / @RishiSunak

Лейбористлар охирги марта 2005 йилда сайловда ғалаба қозонганди. 2019 йилдаги сўнгги сайловда Лейбористлар атиги 202 ўринни қўлга киритганди, бу 1935 йилдан бери энг ёмон натижа саналади.

Бу Буюк Британияда 2020 йилда мамлакат Европа Иттифоқини расман тарк этганидан кейин ўтказилаётган биринчи парламент сайловидир.

Кир Стармер ҳақида нималар маълум?

Стармер сиёсат майдонида нисбатан анча янги. У 1990 йилларда адвокат сифатида иш бошлаган. Биринчи марта 2015 йилда Лондон шимолидаги Ҳолборн ва Сент-Панкрас сайлов округида сайланган ва партиянинг 2019 йилги қониқарсиз кечган умумий сайловларидан сўнг Лейбористлар раҳбариятини қабул қилиб, «янги давр»ни бошлашга ваъда берган.

Фото: X / @Keir_StarmerФото: X / @Keir_Starmer

Кир пайшанба куни худди шу сайлов округида қайта сайланди ва ўзининг ғалаба нутқида одамлар «ўзгаришларга тайёр» эканини айтди. «Ўзгаришлар айнан шу ерда бошланади, чунки бу сизнинг демократиянгиз, жамиятингиз, келажагингиз. Сиз овоз бердингиз. Энди эса бизнинг етказиб бериш вақтимиз келди», — деди у.